Barcha bloglar

“Ҳаммаси ёки ҳеч нарса” – доим мухлисларини ҳайратда қолдирадиган ўзбек рэпери MASSAнинг шиори

“Ҳаммаси ёки ҳеч нарса” – доим мухлисларини ҳайратда қолдирадиган ўзбек рэпери MASSAнинг шиори

MASSA тахаллуси билан машҳур 28 ёшли Шуҳрат Аллаяров ўзбекистонлик қўшиқчилардан нафақат баданидаги татуировкалари, балки дадил чиқишлари билан ҳам ажралиб туради. Уни муҳокама қилишади, танқид тошлари отишади, лекин ҳурмат қилиб, яхши ҳам кўришади.

Пул йўқ – ижод йўқ

Шуҳрат 7 синфда ўқиётганида мусиқага қизиқиб қолади. Ўша пайтдаёқ мусиқачи бўлишдан олдин тадбиркорлик бўлиш кераклигини тушунди.

“Бизнинг мамлакатда бошловчи қўшиқчиларни тарғиб қиладиган ташкилот ёки компаниялар йўқ. Мусиқий соҳада илк қадамни қўйиш учун ҳеч бўлмаганда компьютер, микрофон ва бошқа керакли жиҳозларни сотиб олишингиз керак. Мактабда тенгдошларимдан фарқ қилардим – кийим кийишда, соч турмагимда. Ноодатий кийинишни ёқтирардим. Шунинг учун либосларимни бозордан эмас, Хитойдан почта орқали буюртма қилиб олардим. Ҳозир бу одатий ҳол, аммо ўша пайтда ҳеч ким бундай қилмасди. Дўстларим ва синфдошларимга кийган либосларим ёқар ва эгнимдаги футболка ёки оёғимдаги кроссовкадан уларга ҳам топиб беришимни сўрашарди”, – дейди Шуҳрат.

Шу тариқа ҳеч қандай капиталсиз ўз тадбиркорлигини ривожлантира бошлади. Дўстлар унга топиб берган буюм ва либослари учун айтган пулини тўлашарди. Шуҳрат уйи сотиладиган нарсалар билан тўлиб кетган пайтлар бўлганини эслайди. Бугунги кунда ўзининг яхшигина даромад келтирадиган дўкони бор.


Илк “миллионини” топгач, Шуҳрат ишни овоз ёзиш учун энг яхши ускуна сотиб олишдан бошлади. 2017 йилда ўз студиясини очди, унда мусиқани профессионал даражада ёзиб олиш учун барча имконият бор эди.

Аммо йигит фақат мусиқа ва тадбиркорлик билан банд бўлиб қолмасдан, илм олишга ҳам эътибор қаратди. Мактабдан сўнг Тошкент иқтисодий коллежини имтиёзли диплом билан тугатди. 2014 йилда Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университетига ўқишга кирди. Шуҳрат талабалик йилларида “Work and Travel” ёзги дастурида иштирок этди.


“Кетма-кет АҚШга икки йил саёҳат ҳамда ишлаш учун бордим. Нью-Йоркда ишладим, пол ювдим. Ишлаган пулим университетда ўқиш шартномасини тўлашга етди. Хорижга сафарим давомида янги дўстлар орттирдим. Америкада истиқомат қилган ватандошларим орасида мени қўллаб-қувватлайдиган, айниқса рэпер сифатида тан оладиганлар бор эди”, – дейди қўшиқчи.

Шуҳратга АҚШда қолишни таклиф қилишди, лекин у хоҳламади, чунки ҳақиқий бахт – бу туғилган маскан, қариндошлар ва яқинлари яшайдиган жойда деб ҳисоблайди.

Шуҳрат ўқишни тугатгани тўғрисида диплом олмаган, чунки охирги курсда университетда ўқишни ташлаган. Аллаяровнинг ўзи эса аллақачон ҳаёти учун асқатадиган бебаҳо билим олдим деб ҳисоблайди.

Агар бирор нарса қилсангиз, охиригача етказинг

Сўнгги тўрт йил давомида Шуҳрат “MASSA” тахаллуси остида ижод қилди, мусиқа билан фаол шуғулланди.

“Юзта қўшиқ ёзиб, ўшаларни куйлаб юраверсам бўларди. Лекин мен ундай қилолмайман. Мусиқамни нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда тинглашади, шунинг учун бу талабга жавоб беришим керак. Мен фақат ўзбек тилида рэп айтаман. Кўпчилик нима учун инглиз ёки рус тилида рэп айтмайсиз, деб сўрашади, чунки шундай қилинса, тезроқ машҳурликка эришилади. Балки мен она тилимни севганим ва уни оммалаштирмоқчи бўлганим учун шу йўлни танлагандирман”, – дейди рэпер.


Жамоасида 10 га яқин киши бор, уларнинг ҳар бири ўз соҳасининг профессионаллари. Хонандага, операторлик вазифасини зиммасига олган акаси Баҳодир Аллаяров ҳам яқиндан ёрдам беради.

“Ҳашаматли уйим, қимматбаҳо машинам йўқ. Топган пулимни мусиқага сарфлайман, янги асбоб-ускуна сотиб оламан. Қўшиқларимда ёлғон йўқ, мен аслида нима бўлса, шуни айтаман. Мен, аслида йўқ ҳашаматни кўз-кўз қилиш тарафдори эмасман. Агар видеомда Nexia русумли машинани кўрган бўлсангиз, уни ўзим сотиб олганман. Клипни суратга олиш учун қимматбаҳо хориж автомобилини ижарага олсам бўлади, лекин буни тўғри деб ҳисобламайман”, – дейди рэпер.


Шуҳрат Аллаяров – ажойиб шахс, хушчақчақ, яхши ўқиган, иқтисодий маълумоти бор. У ишқибозларининг мақсадини ифодалайдиган татуировкалари билан доимо ҳайратда қолдиради.

Кўксидаги биринчи тату “Ҳаммаси ёки ҳеч нарса”, иккинчиси елкасидаги “MASSA” – “Меҳнат асосида саноқсиз соққа айлантириш” сўзларининг қисқартмасидир.


Келаётган қишда яна битта тату туширмоқчи, аммо қандайлигини ҳозирча ошкор қилгани йўқ.

Спорт бўлажак рафиқаси ёнига бошлади

Шуҳрат ёшлигидан ташқи кўриниши борасида қайғуради. Авваллари соатлаб турник ва брусларда машқ қиларди, кейин пули кўпайгач, спорт залига қатнай бошлади. Ўша ерда бўлажак рафиқаси Анна билан учрашди, ўша пайтда у Тошкентдаги фитнес клубларидан бирининг қабулхонасида ишлаган. Кейинчалик Анна мураббий бўлди. 2018 йилда Аллаяров севгилисига фитнес залини очишда ёрдам берди.


“Илк кўрган заҳотим унда мен учун қадрли ниманидир пайқадим. Қишда биз турмуш қурдик. Тўйни хорижда ўтказдик. Болалигимда, уйлансам тўйим бошқаларникига ўхшаган бўлмайди, дердим. Орзуим рўёбга чиқди, тўйимизда Анна ва яқинларим бўлди, холос. Шунингдек, видеокамераларда байрамни акам ва дўстим тасвирга олишди. Бу ҳаётимдаги энг ажойиб кун эди”, – дейди Шуҳрат.

Бугун ёш жуфтлик илк фарзандини кутишмоқда, у тез орада, ноябрда дунёга келиши керак. Шу орада Шуҳрат бутун вақтини ўзининг биринчи яккахон альбомини тайёрлашга сарфлаяпти, унинг ишчи номи ҳозирча “Ҳаммаси ёки ҳеч нарса”.

 

 

O'zbekistondagi eng so'nggi yangiliklar
smartfoningizda

@plov.press

Оммабоп теглар

Шунингдек, ўқинг


Подпишитесь
на наш Telegram канал