Barcha bloglar

Илҳом Неъматов Россия Президенти сайловида МДҲ кузатувчилари миссиясини бошқаради. Мониторинг қандай кетмоқда?

Илҳом Неъматов Россия Президенти сайловида МДҲ кузатувчилари миссиясини бошқаради. Мониторинг қандай кетмоқда?

15-17 март кунлари Россияда Россия Федерацияси Президенти сайлови бўлиб ўтади. Сайлов кампаниясини ҳозирда ўзбекистонлик дипломат, МДҲ Бош котиби ўринбосари Илҳом Неъматов бошчилигидаги МДҲ кузатувчилари миссияси кузатиб бормоқда. Ушбу материалда у ва унинг Кузатувчилар миссияси доирасидаги фаолияти ҳақида батафсил маълумот берамиз.

И. Неъматов 1952 йил 1 майда Наманган шаҳрида туғилган. 1973 йилда Фарғона политехника институтини муҳандис-қурилиш мутахассислиги бўйича, 1992 йилда эса Москва шаҳридаги Ташқи ишлар вазирлиги Дипломатик академиясини тамомлаган.

1975-1989 йилларда И. Неъматов фаолияти Наманган вилояти билан боғлиқ эди. Қурилишташкилотларида, партия ва жамоат органларида раҳбарлик лавозимларида ишлаган.

И. Неъматов ўз фаолияти давомида ЎзРнинг Германиядаги элчихонасининг биринчи котиби (1994-1995), Ўзбекистон Республикасининг Ҳиндистондаги элчиси (1997-1999), Ўзбекистон Республикасининг Россиядаги элчиси (2008-2010),қароргоҳи Вашингтонда бўлган Ўзбекистон Республикасининг АҚШ, Бразилия ва Канададаги элчиси (2010-2013), Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг махсус топшириқлар бўйича элчиси (2013-2014, 2016-2018 йиллар)лавозимларида ишлаган.


Ўзбекистоннинг турли идораларида ҳам қатор лавозимларда ишлаган: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Консуллик бошқармаси бошлиғи ўринбосари (1995-1996), мамлакат Президенти девонининг етакчи маслаҳатчиси (1996-1997), маслаҳатчиси, ташқи ишлар вазирининг ўринбосари ва биринчи ўринбосари, Ўзбекистон Республикасининг ШҲТдаги миллий координатори (1999-2008), GM Uzbekistan АЖ бош директори маслаҳатчиси (2014-2016), Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари, ўринбосари (2018-2020).

2021 йил январидан И. Неъматов МДҲ Ижрочи котиби ўринбосари, 2023 йил 1 январдан эса МДҲ Бош котиби ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.

И. Неъматов иқтисод фанлари номзоди. У инглиз ва немис тилларини билади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси дипломатик унвонига ҳам эга. И. Неъматов барча миллат ва элат вакиллари ўртасидаги дўстлик, қардошлик ва ўзаро тотувликни мустаҳкамлаш борасидаги фаолияти учун мукофотланадиган “Дўстлик” ордени билан тақдирланган.

И. Неъматовнинг шахсий ҳаёти ҳақида маълумотлар кам. Расмий маълумотларга кўра, у уйланган ва тўрт фарзанди бор.

Айни пайтда, юқорида ёзганимиздек, у Россиядаги президентлик сайловларида МДҲ кузатувчилари миссиясини бошқаради. Кузатувчилар гуруҳи 19февралдан мониторингни бошлади.

– Бу МДҲдан Россия Федерациясидаги 9-кузатувчилар миссияси. Биз учун бу бир томондан тарихий ва чуқур рамзий маънога эга бўлса, иккинчи томондан, ўта масъулиятли, чунки Миссия Россия Федерациясининг 2024 йилда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида раислиги даврига тўғри келади, – деди И. Неъматов.

Шунингдек, у мониторинг Россия Федерацияси қонунчилигига риоя қилган ҳолда очиқлик, бетарафлик, давлатнинг ички ишларига аралашмаслик ва сайлов жараёни жараёнида амалга оширилишини таъкидлади. И. Неъматовнинг таъкидлашича, Миссия Россия ва бошқа Ҳамдўстлик давлатларида ўтказилган сайловларни кузатишда бир неча бор иштирок этган МДҲ давлатларининг энг тажрибали вакилларидан тузилган.

И. Неъматов Россиянинг турли идора ва вазирликлари мутасаддилари билан, масалан, Россия Федерацияси Марказий сайлов комиссияси раиси Элла Памфилова, Россия Коммунистик партиясидан Россия Федерацияси Президентлигига номзод Николай Харитонов, Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратураси вакиллари билан учрашувлар ўтказди.


Ушбу йиғилишларда Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш, Россия Федерацияси сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиришлар, сайлов кампаниясининг бориши, Кузатувчилар миссиясининг ташкилий ишлари муҳокама қилинди.

Мониторинг доирасида МДҲ кузатувчилари миссияси Россиянинг айрим ҳудудларига ташрифбуюрди. Шу тариқа, И. Неъматов Владимир ва Калуга вилоятларида бўлиб, сайлов комиссиялари вакиллари билан суҳбатлашди.

Сайлов мониторинги Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги вакиллари томонидан амалга оширилаётган муҳим тадбирлардан биридир. Миссия ишида Ўзбекистондан ҳам вакиллар мунтазам қатнашиб келади. Яқинда, жорий йилнинг февраль ойида Беларусда VIII чақириқ Миллий ассамблеянинг Вакиллар палатаси депутатлари ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайловлари бўлиб ўтди. МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси Кузатувчилари миссияси таркибига сенатор Анвар Тўйчиев ва Қонунчилик палатаси депутати Тўлқинжон Каримов кирди.

Эслатиб ўтамиз, Россия Федерацияси Президенти сайловида Ўзбекистонда жойлашган Россия фуқаролари ҳам овоз бериши мумкин. 17 март куни Тошкент ва Самарқандда иккита сайлов участкасиишлайди. Бундан ташқари, Тошкент вилоятининг айрим шаҳарларида яшовчи Россия фуқароларини пойтахтдаги сайлов участкасига етказиш учун автобуслар ташкил этилади.

Россия фуқаролари тўрт номзод орасидан танлаши керак: Россия Федерациясининг амалдаги президенти Владимир Путин, “Янги халқ” партиясидан Владислав Даванков, Либерал-демократик партиядан Леонид Слуцкий ва Россия Федерацияси Коммунистик партиясидан Николай Харитонов.

 

O'zbekistondagi eng so'nggi yangiliklar
smartfoningizda

@plov.press

Оммабоп теглар

Шунингдек, ўқинг


Подпишитесь
на наш Telegram канал