Раъно Шодиева Ҳиндистонда ўтказилган фестивалда “Энг яхши аёл образи” номинациясида ғолиб чиқди

Раъно Шодиева Ҳиндистонда ўтказилган фестивалда “Энг яхши аёл образи” номинациясида ғолиб чиқди
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Шодиева 27–31 январь кунлари Ҳиндистоннинг Мумбай шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) бадиий ва телевидение фильмлари фестивалининг “Энг яхши аёл образи” номинациясида ғолиб бўлди.
Шодиева реал воқеаларга асосланган “Аёл қисмати” бадиий фильмидаги Сожида роли учун ушбу мукофотни олди.
Раъно ғолиб бўлгани ҳақида шундай дейди: “Кам ҳаракат қилдик дея олмайман, қаттиқ меҳнат қилдик. Аммо бундай машаққатли ишнинг, кўриб турганингиздек, узоқ кутилган, тан олинишдек ёқимли дақиқалари бор. Бундан жуда хурсандман. Танловга тақдим этилган барча фильмлар жуда юқори савияда бўлиб, роль ижро этган актёрлар ҳам жуда истеъдодли эдилар.
Кўп иштирокчилар орасидан мени танлаганларида, хурсанд бўлдим. Бу нафақат мен учун, балки бутун гуруҳимиз учун улкан ютуқдир. Ушбу фестивалда биз 8 та мукофотдан бирига сазовор бўлдик. Бу бутун ўзбек киносининг ғалабаси. Бундай эътироф ижодкор учун зарур, яхшироқ ижод қилишга ундайди”.
Фильм Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги, Central Asian Trade Company (CATC) ва Dilshoh media билан ҳамкорликда суратга олинган. Унда Ўзбекистон Президенти топшириғига асосан 2019–2020 йилларда ўтказилган “Меҳр” операцияси доирасида Суриядан қайтган 100 нафар аёлдан бири Сожида ҳақида сўз боради. Сожида мамлакатдан мамлакатга ўтади, лекин ҳамма жойда омад ўрнига бахтсизлик топади.
Сценарий муаллифлари Дилмурод Масаидов ва Сардор Ҳамроев. Саҳна режиссёри ҳам Дилмурод Масаидов. Фильмда Илҳом Бердиев, Дадахон Обидов, Сирожиддин Саторов, Шоҳсанам Абдижамилова ва бошқалар роль ижро этган.
Аввалроқ “Аёл қисмати” фильми Туркияда бўлиб ўтган иккинчи “Қўрқут ота” кинофестивалида “Гран-при”, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Шодиева эса ҳакамлар ҳайъатининг махсус мукофотига сазовор бўлган эди. Шунингдек, у “Олтин Ҳумо” Миллий кино мукофотида “Энг яхши аёл роли” номинациясида ғолиб чиққанди.
Айтиш жоизки, Ҳиндистондаги тақдирлаш маросимида шахсан иштирок этиши Раънонинг мухлислари ва ҳамкасблари учун алоҳида қувонч бўлди. Икки ой муқаддам у “Қўрқут ота” фестивалида шахсан қатнаша олмаганди, шу сабабли мукофот дугонаси Райҳон Уласеновага топширилганди.
Шодиева мухлисларга қўллаб-қувватлаганлари учун миннатдорчилик билдирди. У ҳамкасбларини соғингани ва тез орада ижодга қайтишини таъкидлади. Ўтган йили сентябрь ойида актриса жигарида жарроҳлик амалиётини ўтказди ва Туркияда узоқ муддат даволанди.

O'zbekistondagi eng so'nggi yangiliklar
smartfoningizda

@plov.press

Шунингдек, ўқинг

Подпишитесь
на наш Telegram канал