“Сиқилардим, чунки вазним ортиқча”. Эвелина Юсупованинг бодибилдингдаги йўли

“Сиқилардим, чунки вазним ортиқча”. Эвелина Юсупованинг бодибилдингдаги йўли

Яқинда Тошкентда бўлиб ўтган бодибилдинг бўйича жаҳон чемпионатида 18 ёшли Эвелина Юсупова икки тоифада ғолиб бўлди: модель-юниор ва 155 см фитнес-модель.

Спортчи Plov.Press машқнинг ёмон бошланиши, жароҳатлар, қийинчиликларни енгиб ўтиш, танловлардаги чиқишлари, тана гўзаллиги ва саломатлиги ҳақида батафсил гапириб берди.

Қиз ўзини уйда ўтиришни хуш кўрадиганлар тоифасидан деб ҳисоблайди, ухлаш унинг учун энг яхши дам олиш усули. У маникюр ва лазерли депиляция мутахассиси бўлиб ишлаган, ҳозир бодибилдинг бўйича мураббий. У спортда барча чўққиларни забт этгач, тиббиёт олий ўқув юртига кирмоқчи, фақат Ўзбекистонга эмас.

– Эвелина, бодибилдингда карьерангизни қачон бошлагансиз?

– Бодибилдингга 14 ёшимда келганман. Бунгача 2 йил давомида пауэрлифтинг билан шуғулланганман. Ундан олдин бокс, таеквондога ҳам қатнашганман. Мусобақалардан иштирок этаётганимга бир йил бўлди.

– Демак, болалигингиздан спортчисиз, спорт залига илк марта неча ёшда келгансиз?

– 9 ёшимда холам мени таеквондога бошлаб борди. У кучли бўлишимни хоҳларди. Уч йил шуғулландим, кейин ташладим. Кейин тахминан 4 ойлар боксга қатнадим, уни ҳам ташладим. 12 ёшимда ўзим спорт залига бордим, бодибилдинг билан шуғулланмоқчи эдим, лекин бу ерда пауерлифтингдан сабоқ беришаркан. Бодибилдингда биз орзумиздаги танага эга бўламиз, пауерлифтинг – эса оғир атлетика, унга куч керак, вазн керак. Бошида тушунмасдан мураббий айтган барча нарсани бажардим. Кейинроқ маълум бўлишича, у ишини яхши билмас экан, натижада менда соғлиқ билан боғлиқ муаммолар пайдо бўла бошлади: оғир вазн туфайли умуртқаларим осилиб қолди. Бундан ташқари, машқ техникаси нотўғри эди, шу боис тиззаларимни шикастлаб олдим, натижада ўз вазнимдан кўпроқ юкни кўтара олмай қолдим. Ўшанда 80 кг оғирликдаги юк билан ўтириб-турардим. Бошқа спорт залига кўчдим, бу ерда мураббий малакали эди, машғулотлар ўзгарди. Натижада бодибилдинг билан шуғуллана бошладим ва кўтариш учун юкни бир неча мартага камайтирдим.

– Спорт билан шуғулланишингизга асосий мотивация нима эди?

– Ортиқча вазним бор эди: бўйим 153 см, вазним 58 кг эди, ортиқча ёғ сезиларли эди. Лекин асосий мотивация – янги ва қизиқарли нарсаларни синаб кўриш бўлди.

– Бодибилдинг бўйича машғулотлар қиз бола учун қандай?

– Асосий машқлар бор: ўтириб-туриш, чайқалиш, кўкракда штанга кўтариш. Кардио идеал тана шакллантиришда яхши самара беради. Кардио – бу оғирликсиз ишлайдиган фаол машқлардир. Мушак массасини олиш учун сиз катта оғирликларни кўтаришингиз шарт эмас. Фитнес модели озғин бўлиши керак, аммо суяк эмас. Фигура ортиқча ёғларсиз, аммо қуруқ бўлмаслиги керак. Мушаклар кўриниб туриш лозим, аммо ҳаддан ортиқ эмас. Машқлардан олдин танани қуритиб оламиз, яъни фақат мушакларнинг сувни чиқариб ташлаш ва тана ёғини камайтиришдир. Бусиз машқларнинг маъноси йўқ. Ҳозир вазним 51 кг, қуритиш машқлари боис 46 кг га тушдим.


– Танангиз қачон гўзаллик ва ихчамликка эга бўлди?

– Уч йил давомида ҳеч қандай енгилликни сезмадим, яъни овқатланиш рационини ўзгартирмагунимча. Бу тўғри материалсиз уй қуришга ўхшайди. Бизга оқсиллар, ёғлар, углеводлар керакли миқдорда керак. Аввалига соғлигим учун бодибилдинг билан шуғулланардим, танам мослашди, чидамли бўлиб қолдим.

– Қачон ушбу спорт тури билан профессионал тарзда шуғулланишга ва мусобақаларда қатнашишга қарор қилдингиз?

– Бир ярим йил аввал курсларда қатнашиб, бодибилдинг бўйича мураббий бўлдим. Мураббийим спорт билан шуғулланишни таклиф қилди. Мен синаб кўришни хоҳлардим, ўзимни кўрсатмоқчи эдим. Бу менга ёқди. Бу менинг соҳам эканини тушундим. Машғулотларим сони ошди: машқларни ҳар куни қиламан, кунига уч маҳал, тўрт соатдан.

– Бундай тиғиз машғулотларнинг энг қийин қисми нима?

– Мен учун қийин нарсанинг ўзи йўқ. Бироқ, биринчи ойда мен кардио машқларидан силлам қуриб қоларди, кўникишим қийин бўлди, кейин танам босимга мослашди. Озишни бошлаганимда бемалол машқ қила бошладим.

– Бодибилдинг бўйича чемпионатда ҳакамлар баҳо нимага асосланиб беришади?

– Улар кучли мушакларни эмас, балки жозибали танани баҳолайдилар: чиройли оёқлар, келишган думба. Қорин пресслари кўринадиган бўлиши керак, аммо ажралиб турмаслиги лозим – бу фитнес моделининг параметрлари. Тана шакли аёлларга хос бўлиши шарт. Мушаклар ажралиб турмаслиги керак. Танани эркин кўз-кўз қилишда қадам ташлаш ва қарашлар ҳам баҳоланади, спортчи ҳеч бир ҳакамни назардан қочирмаслиги керак. Ўз образингиз ва либосингиз билан ҳайратга туширишингиз, танангизнинг яхши томонларини кўсата олиб, нуқсонларини яшира билиш жуда муҳим. Менинг елкаларим бенуқсон, уларни ҳар томонлама намойиш қила оламан. Таққослашда ҳаммамиз бир хил кўринишда туришимиз керак, бу ерда 4 томондан баҳо берилади: тўғридан, орқадан, ўнг ва чапдан. Тана шакли, пардоз, либос, туриш алоҳида баҳоланади.


– Нега чўмилиш кийимида чиқилади, бу ахир спортку, мода танлови эмас?

– Либос қанчалик ёрқинроқ бўлса, шунча яхши. Бизнинг спортда ташқи кўриниш муҳим аҳамиятга эга. Пардоз, соч турмаги, масалан, мен янгича ёндошиб, сочларимни бошқачароқ қилдим. Қорачароқ кўриниш учун атайин грим қиламиз, бу ташқи кўринишимизни бошқачароқ қилади. Оёқ кийими стандарт пошнаси 11 см баландликда бўлади.

– Бодибилдер қизнинг танаси табиий бўлиши шартми ёки силикон кўкрак, лаб ва бошқа жойларни сунъий катта қилишга рухсат борми?

– Силикон имплантларга рухсат берилади. Улардан кўпинча бодибилдингчи қизлар фойдаланишади, чунки кўкраклар қуриганида кичраяди.

– Жаҳон чемпионатида хавотирга тушдингизми, рақибаларингиз кучли эдими?

– Хавотир ҳар доим бўлади, лекин оёқда мустаҳкам туришим учун тиззаларим қалтирамаслиги шарт эди. Энг муҳими, бор имкониятни ишга солиш керак. Назаримда барча категорияларда битта кучли рақибам бор эди, якунда у 2-ўринни эгаллади.

– Шарқда чўмилиш кийимида танасини кўз-кўз қиладиган спортни қандай қабул қилишади? Ўзингизга нисбатан салбий қарашларни ҳис қилдингизми?

– Бу менинг ҳаётим, уни ўзим учун қурдим ва бошқа бировнинг фикри менга мутлақо аҳамиятсиз, қилаётган ишим туфайли ташқаридан ҳеч қандай тушунмовчилик бўлмаган.


– Сиз ТикТок авлодининг қизисиз. Ижтимоий тармоқларга қандай муносабатдасиз, у ерда спортдаги ютуқларингиз, танангиз фусункорлигини намойиш қиласизми?

– Ижтимоий тармоқларга кам кираман. Спортда чўмилиш либосини кияман, лекин бу танамни ҳаммага кўрсатишни хоҳлайман дегани эмас. Камера олдида менда ноқулайлик бор эди. Инстаграмда мураббий сифатида видео дарсларни жойлаштираман, бунда асосий эътибор соғликка қаратилади. Мусобақалардаги суратларимни жойлаштираман. Лекин танамни ижтимоий тармоқларда ёки кўчада кўрсатиш учун атайлабдан кийинмайман.

– Мураббий сифатида ўқувчиларимизга универсал маслаҳат бера оласизми?

– Парҳезга тўғри риоя қилинг, шунда оқсил, ёғ, углеводлар бир маромга келади, калориялар индивидуал равишда тузилади. Ҳар бир спортчи овқатланишни алоҳида танлайди. Мен кунига 2 бор овқатланаман. Сиз турли нотўғри парҳезларни танламаслигингиз шарт. Спорт билан мураббий назоратида шуғулланганингиз маъқул, усиз кўп муаммоларга дуч келишингиз тайин. Вазнни йўқотиш шунчаки танага эга бўлишни англатмайди, бунинг устида ишлаш керак. Юпқа, лекин силлиқ тана ёмон кўринади. Машқлар ҳам алоҳида танланади. Кимдир югуролмайди ёки ўтира олмайди, ҳаммаси соғлик ҳолатига боғлиқ. Агар универсал машқлар ҳақида гапирадиган бўлсак, у юришдир.

– Қайси аёллар сизга машғулотларга тез-тез келишади ва бугунги кунда қандай фигура урфда?

– 40–50 ёшли аёллар кўпроқ келишади. Улар соғлик учун спорт билан шуғулланишни хоҳлашади. Ёшлар кўп келишади, чунки фитнес ҳозирда оммабоп. Чиройли аёл фигураси – мушак тўқимаси, нисбати, ҳатто ёғи ҳам бўлиши керак. Бразилияча думба ва текис қорин ҳозир урфда. Баъзан мижозлар фақат думба ёки бел учун келишади, қўллари устида ишлашни хоҳлашмайди, лекин чиройли тана – бу иккала қўл ва елка, тананинг барча қисмлари.

– Бодибилдинг сизни қандай ўзгартирди?

– Ортиқча вазн туфайли жуда сиқилган эдим, кейин спорт залига бора бошладим. Энг муҳими, ўзингизнинг кимлигингизни қабул қилиш ва ўз устида ишлашни бошлашдир. Агар истак, мақсад бўлса, буни амалга оширасиз. Мен ўзимни ёмон ҳис қиляпман, қила олмайман, барибир ёрдам бермайди дейиш, таслим бўлишдир. Ўрнингиздан туринг ва машқларни бошланг – натижага эришасиз. Энди ҳеч қандай чекловлар йўқ. Камчиликлари бўлса ҳам, бу яхши. Энг муҳими, ўзимни жуда яхши ҳис қиляпман.

 

 


O'zbekistondagi eng so'nggi yangiliklar
smartfoningizda

@plov.press

Teglar:

Шунингдек, ўқинг

Подпишитесь
на наш Telegram канал