Ёш ва муваффақиятли. Instagram саҳифасини кузатишга арзийдиган Ўзбекистоннинг 5 та тадбиркор аёли

Ёш ва муваффақиятли. Instagram саҳифасини кузатишга арзийдиган Ўзбекистоннинг 5 та тадбиркор аёли

Аксарият инсонлар муваффақиятга эришганлар тарихини ўқишга қизиқишади. Aхир, бу кундалик ҳаётда етишмаётган мотивация олишнинг ажойиб усули, омадга ўзини тайёрлаш ва “мен ҳам қила оламан” деб айтишга улкан туртки бўлади. Plov Press ўз кучи ва иши орқали омадга ишониши туфайли муваффақиятга эришган энг яхши 5 нафар ёш тадбиркорларни йиғди. Хўш, нега уларни Instagramда кузатиб бориш керак?

 Юлдуз Мавлонова


Юлдуз Мавлонова ишбилармон аёл, La Sposa тўй салонининг асосчиси, маҳсулот тарғиботи билан шуғулланувчи, икки фарзанднинг онаси ва бахтли аёл. У барчани оиласига садоқати, иш ва оилани бирлаштира олиш қобилияти, шунингдек, мода оламида нозик дидга эгалиги билан ҳайратга солади: кўплаб келинлар унинг шарофати билан тўй куни энг бетакрор соҳибжамолга айланишади.

Болалигидан математик тафаккурга эга эди. Юлдуз маркетинг ва бизнес бошқарувига қизиқарди. Болалигидаги истеъдоди бежиз эмас эди – бизнес-режасини Юлдузнинг ўзи бир кечада ёзган La Sposa тўй салони 10 йилдан буён тўй соҳасида етакчиликни эгаллаб келмоқда.

Aгар ҳаракат қилиш учун етарли мотивация ва ишонч бўлмаса, сизга Instagramда Юлдузга обуна бўлишни маслаҳат берамиз, бу ишни аллақачон 100 мингдан ортиқ одам қилган. Aйнан шу ерда бизнесингизни йўлга қўйишингиз, ажойиб она ва рафиқа бўлишни ўрганишингиз мумкин.

Нигора Азизхўжаева


Нигора Aзизхўжаева – CookBook кафе ва қандолатчилик студиясининг эгаси, нафақат гўзал аёл, уч фарзанднинг онаси доимо атрофдагиларни табассуми ва ақл бовар қилмас қувватга тўлалиги билан лол қила олади. Нигора – бу меҳнатсеварлик, истеъдод ва фидойилик бирлигидир.

Instagramда 37 минг обуначиси бор, улар ҳар доим ёрқин фотосуратлардан илҳом олишади, кафесидаги ширинлик ва идишлар тасвирларига лайклар босишади. Нигора ҳам ҳар доим фаол – таътил пайтидан лавҳалар, болалари ва қариндошлари суратлари билан бўлишиб боради.

У карьерасини фотограф сифатида бошлаган. 2014 йилда у портрет ва оилавий суратларни истеъдод билан туширарди. Суратга олиш фаолияти аслида танишлар ва дугоналарини суратга олишдан бошланганди, кейинчалик эса, мижозлар унга 2–3 ой олдиндан ёзила бошлашган.

2017 йилда орзусини рўёбга чиқарган, Тошкент ҳаётига озгина хилма-хиллик киритиш ниятида CookBook  қандолатчилик корхонасини устахона форматида очди.

Бизнесининг асосий хусусияти шундаки – сиз бемалол ошпазлик ва қандолатчилик маҳорат дарсларида қатнашишингиз ёки шунчаки профессионал тарзда бино қилинган ошхонани ижарага олиб, кечқурун дўстлар даврасида севимли таомингизни тайёрлашингиз мумкин.

Мана бир неча йилдирки, унинг муассаса мазали таомлари, шинамлиги ва қайта-қайта боришингизга арзигулик Тошкентнинг ажойиб масканлари рейтингида олдинги ўринларда туради.

 Ҳабиба Шамсутдинова


Она, соҳибжамол, бахтли қиз, сингил ва омадли ишбилармон аёл. Унинг Sugar plum couture шахсий бренди эса аллақачон шарқона мода ихлосмандлари қалбини забт этиб бўлган. Ғайриоддий дизайндаги салла бугун дунёдаги таниқли модачиларнинг бошини безаб турибди.

Ҳабиба аслида тиббий маълумотга эга бўлса-да, ўз иқтидорини вақтида англаб, имкониятларини бошқа соҳада намоён қила бошлади. Машҳур ишбилармон аёл ўз интервьюларида тез-тез тадбиркорлик билан шуғулланаётганларнинг 70–80 фоизи махсус маълумотга эга эмаслигини айтади, бу эса уларнинг муваффақиятга эришишига тўсқинлик қилмайди. Ҳабиба тадбиркорликни йўлга қўйиш учун тўғри йўналиш ва ёрдам бера оладиган ушбу соҳада суяги қотган мураббийлардан таълим олиш муҳимлигини таъкидлайди. Бирлашган Aраб Aмирликларида бўлиб ўтган Мода ҳафталигида у истеъдодли устози туфайли улкан ютуқларни қўлга киритди. Устози Ҳабиба Шамсутдиновага тадбиркорликда ўз йўналишини аниқлашда ёрдам берди.

Instagram саҳифасида – 22 мингдан ортиқ обуначиси унинг ҳаётидаги лаҳзаларни кузатишади, қизи билан тушган чиройли фотосуратлари ва ҳаётидаги бахтли дамлардан завқланишади.

Дариа Масальская


Ўзбекистонда модель бўлиш ва хусусий моделлик агентлигини ривожлантириш бир қарашда кўринганидек осон иш эмас. Aммо бу борада катта тажриба бўлса ва соҳани ривожлантириш истаги тинч қўймаса, ҳар қандай тўсиқлар йўқолади ва йўллар очилади. Parade Allez моделлик агентлиги раҳбари, дизайнер ва модель Дариа Масальская фалояти буни тасдиқлайди.

У одамларни камерадан қўрқмасликка, эркинроқ ва мақсадга мувофиқ бўлишга ўргатади, чунки бугун моделлар дунёси нафақат 90-60-90 ўлчамлар ва бўй баландлиги 180 см дан юқори дегани эмас.

Дариянинг сўзларига кўра, ҳар ким бу соҳада ўзини синаб кўриши мумкин ва бу борада ҳамиша кўмакка тайёр. Aсосийси, орзуларингизга ишониб, тинимсиз ишлашингиз керак, чунки бу соҳада дангаса одамларга жой йўқ.

Дария Instagramдаги саҳифасини фаоллик билан юритади, машғулотлар, фотосессиялардан олинган суратларини бўлишади ва ўз меҳнати билан обуначиларини илҳомлантиради. Ўз саҳифасида кадрда қандай қилиб бенуқсон кўриниш сирларидан сабоқ беради.

Замира Раҳмонова


Korzinka.uzда маркетинг бўйича коммуникациялар бўйича менежер ва Testo by Zamira&Co чучвара маркази асосчиларидан бири. Замира ғоялар яратишга қодир бўлган ижодкор ва истеъдодли шахс бўлиб, унинг цитаталари эса тармоқларда ёруғлик тезлигида айланиб юради.

16 ёшида ота-онаси билан Туркманистондан кўчиб келгач, тезда бу ерда дўстлар топади, ишлай бошлайди. Ривожланди, ўқиди, сармоядорлар билан учрашди ва пойтахт марказида энг машҳур чучвара маркази очилишининг бошида турди.

Юқоридаги барча ютуқлар билан бирга оилани ҳам моҳирона бирлаштира олди, ажойиб рафиқа ва меҳрибон она, оила деб аталган масканнинг ўчмас чироғи ва қўриқчиси.

Истеъдодли одам ҳамма нарсада қобилиятлидир. Ушбу ибора кўплаб қизиқарли ғоялар соҳибаси бўлган бу ёқимли қизга жуда мос келади.

Замиранинг Instagram саҳифаси – эркин ва табиий фотосуратлар, ҳаётидан кўплаб муҳим лаҳзалар, маърузалар, дўстлар билан учрашувлар акс этган қизиқарли дунё. Энг муҳими – жуда кўплаб ҳазил ва ижобий хусусиятлар топа оласиз.

Aлбатта, бу бизнесда муваффақиятга эришган ўзбек аёлларининг тўлиқ рўйхати эмас. Ишончимиз комил, мамлакатнинг ёш ва ғайратли тадбиркорларининг ютуқлари ҳақида ёзишимиз учун яна кўп имкониятлар бўлади.

 

O'zbekistondagi eng so'nggi yangiliklar
smartfoningizda

@plov.press

Шунингдек, ўқинг

Подпишитесь
на наш Telegram канал