Юмор наштардек санчилиши керак, аммо меъёрида – тошкентлик КВНчи қиз Нодира Абдуллаева

Юмор наштардек санчилиши керак, аммо меъёрида – тошкентлик КВНчи қиз Нодира Абдуллаева

Ўзбекистон ҚВЗ лигаси ёшлар орасида жуда машҳур. Нодира Абдуллаева уч марта “ҚВЗ гўзали” бўлган (Қувноқлар ва зукколар – қисқартмаси ҚВЗ). Бугунги кунда 28 ёшли ҚВЗчи туғуруқ таътилида, молия институтини тугатгандан сўнг ўша ерда ишда қолди.

Ўзбекистонда ҚВЗ, саҳнадаги қийинчилик ва хатоликлар, цензура ва умуман – юмор ҳаётида нима берди, – шу ҳақда Нодира “Леди” газетасига интервью берди.


– ҚВЗда қачондан чиқа бошлагансиз?

– 2012 йилда молия институтига ўқишга кирдим. 2013 йил иккинчи курсдалигимда ҚВЗ “Молиячи” жамоасига чақиришди. Ўйинчилар дўстларимни танишар, шу боис битта саҳна чиқиб беришга таклиф қилишди. У ҳинд мавзусига бағишланган эди. Ностандарт тана тузилишим сабаб, ташқи кўринишга қараб танлашди ва менга мос роль борлигини айтишди. Нега энди йўқ, деб ўйладим, талабалик даври, қоним қайноқ. Шундай қилиб, жамоада қолдим.

– Саҳнада қандай образларни гавдалантирдингиз?

– Ҳар бир мусобақанинг ўзига хос мавзуси бор эди. Мен ҳам кентавр, ҳам Жасмин, ҳам Тангем эдим (бу ўзбек телевидениесида машҳур бўлган корейс сериалдаги табиб қиз). Клеопатра образидан кейин танилиб кетдим ва кўпчилик мени шундай чақира бошлади. Мусиқий мини-саҳналар бор эди, унда ўзбек эстрадаси юлдузларига тақлид қилардим. Томошабинлар, шунингдек, бошловчи билан монологимдан ҳам жуда мириқиб кулишарди. Жамоалар кубок учун баҳслашарди. Саҳнада бошловчига юзландим. Саҳнада дастурхон ёзилган, узун либосда бошловчини столга таклиф қиламан. Унга сиз жуда келишган экансиз, келинг, тўй қилақолайлик, менга қалин пули шарт эмас, фақат кубокни берсангиз бас, дейман. Маълум бўлишича, кубокни бошловчи эмас, ҳакамлар ҳайъати берар экан. Шунда дарҳол унга сиз дам олиб туринг дейман-да, ҳакамларга мурожаат қила бошлайман.

– Жамоангиз ҳақида гапириб беринг.

– 2018 йилда жамоамиз республика ҚВЗ чемпиони бўлди. Ҳозир эса улғайдик, ҳаммамиз оила ва иш ташвишлари билан бандмиз. Ўша пайтларда бизни сериаллар ва шоуларга таклиф қилишарди. Ажралдикми ёки яна саҳнага чиқамизми, бирор нарса дея олмайман. “Молиячи” энди янги аъзоларга эга, жамоа молиявий институт номидан чиқади. Агар улар маслаҳат, қўллаб-қувватлашни сўрасалар, биз ёрдамга тайёрмиз.


– “ҚВЗ гўзали” номинациясини нима учун беришган?

– Бу унвонга устма-уст 2016, 2017, 2018 йилларда лойиқ кўрилганман. Республика финалига чиққан 5–6 та жамоа иштирокчилари орасидан ғолиб аниқланарди. Ҳакамлар ҳайъати қизларнинг чиқишини, актёрлик маҳоратини баҳоларди. Томошабинларнинг ҳазилларга муносабати ҳам муҳим эди. 2016 йилда қизлар кам эди. 2017 йилда саҳнага кентавр либосида чиқдим. Йигитлар олтин шохни ўғирлаши шарт эди, у эса менда. Саҳнага чиқишимдан олдин, кимдир, ким бўлишидан қатъи назар буни уддалайман, деди. Мен ҳам шундай шиддат билан чиқдимки, қани қўлингдан келса уддала, дегандек. Бўйим 178 см, гавдам ҳам кичкина эмас, ким ҳам менга бас кела оларди. 2018 йилда қизлар ўртасида жиддий рақобат бўлди. Иштирокчилар ёрқин, иқтидорли ва муносиб эди. Мени яна ғолиб деб эълон қилишганда, буни кутмаган эдим, ҳайратда қолдим. Менга ҚВЗ логотипи туширилган ҳайкалча топширилди, у ерда ўзбек тилида: “Энг қувноқ қиз” деб ёзилганди.

– ҚВЗдаги қизларга қийин эмасми?

– Йўқ, аксинча. Жамоамиз 9 ўғил ва 3 қиздан иборат эди. Баъзан машғулотларга кеч қолардик, йигитлар бизни уйгача кузатиб қўйишарди, қизлар доимо ғамхўрлик, ҳимоя ва эътиборда эдилар. Ўғил ва қизлар ўртасида рақобат йўқ, жамоада ҳар бир аъзонинг ўз ўрни бор эди.

– КВНда ҳазил қандай бўлиши керак? Сиз жуда ёрқин, кўзга кўринган қизсиз, ташқи кўринишингиз ҳақида ҳазил қилишса, бу ҳақоратдек туюлмасмиди?

– Қачонки, юмор объекти менинг ташқи кўринишим бўлса, аввал доим мен билан муҳокама қилинар эди, бунга қарши эмас эдим, чунки бу ҳазиломуз, камситмайдиган бўларди, ҳатто ўзим кулиб юборардим. ҚВЗдаги ҳазил эгасига тегиши керак, аммо меъёридан ошмаслиги шарт.

– Жамоангиз аъзолари ҳазилларни ўзлари ўйлаб топишганми ёки махсус муаллифлар бўлганми?

– Ҳамма ҳазиллар йигитларнинг ўзлари томонидан ўйлаб топилган. Биз чиқишларимиз кулгили бўлиш учун бир жойга тўпланиб, мавзулар ўйлаб топардик. Ҳар кимнинг ўзига хос услуби бор эди. 7 йил давомида жамоада ўйнаган бўлсам, бизда сценарий муаллифи ёки режиссёр йўқ эди, баъзида бизга бошқа ўйинчилар ёрдам беришарди, бу ўйинда жамоавий руҳ кучли бўлиши шарт.

– Саҳнадаги қўрқув ҚВЗ ўйинчиларининг порлашига тўсқинлик қиладими?

– Саҳна ортида мени доим титроқ босади, юрагим қинидан чиққудек бўлиб уради, ичимдаги ҳамма нарса музлаб қолади. Чуқур нафас олиб, саҳнага чиқаман, ҳамма нарсани унутиб, ўзгараман ва бошқа одамга айланаман – хотиржам, ўзига ишонган. Илк чиқишимда сўзларимни унутиб қўйишдан қўрққанман.

– Саҳнада кутилмаган ҳодиса бўлиб қолса, бунга қандай муносабатда бўлардингиз?

– Бундай ҳодисалар бўлиб турарди. Томошабинлар буни пайқамаслиги мумкин, лекин бу бизнинг кайфиятимизга қаттиқ таъсир қилмасдан қолмасди. Дейлик, саҳнадаги реквизитлар йиқилиб кетади ёки уни олиб келишга улгуришмайди. Бир марта шеригимга тўп ташладим, аммо у томошабинлар томонга учиб кетди, гарчи машқ пайти ҳаммаси қайтарилган бўлса-да, хатолик юз берди. Мен унинг орқасидан югуришдан маъно йўқлигини тушундим ва ролимни давом эттирдим.

Сиз, албатта, хавотирда бўласиз. Сизга минглаб кўзлар тикилиб ўтиради, бу мен учун адреналин. Саҳнада жамоангиз чиқиш қилмоқда, сиз эса саҳна ортида бор эътиборингизни томошабинларга қаратасиз, кулишяптими ёки йўқми деб. Улар кулишса, сиз ҳам енгил тортасиз ёки аксинча, кайфиятингиз тушади. 2 йил кетма-кет финалда 4-ўринни қўлга киритдик. Гўёки бизда қандайдир тамға бордек эди. Биз ҳар қандай ўрин учун курашишга тайёр эдик, лекин тўртинчи ўринга эмас. Баъзида сиз 1/8, 1/4 финалда яхши ўйнайсиз, финалга эса кучингиз тугайди.


– Ўйинда шахсан сизга нима қийин бўларди?

– Комплекслар билан шуғулланиш қийин. ҚВЗ менга озод бўлиш, ўзимга бўлган ишончни оширишга имкон берди. Масалан, биринчи курсда, тақдимот пайтида жуда асабийлашдим, ҳолбуки фақат курсдошларимдан иборат тахминан 15 нафар томошабин ўтирганди. Иккита гапни эплаб гапира олмасдим. Бу қўрқув ҚВЗчи бўлганимдан кейин ўтиб кетди. Шунинг учун ўқитувчилик касбини танладим, талабалар олдида туришдан, дарс беришдан, материални тушунтиришдан, фикримни билдиришдан қўрқмайман. ҚВЗда ўйнаганим туфайли ўзбек тилида равон гапира бошладим, гарчи ўзбек бўлсам-да, русча синфда ўқиганман, уйдагиларим ҳам асосан рус тилида гаплашишади. Дастлаб, саҳнада тилим ўзбекчага унча келишмасди, шунинг учун матнларни ёд олишда ҳамма нарсани ёзиб олишга мажбур бўлардим.

– ҚВЗда цензура борми?

– Махсус тақиқланган мавзулар йўқ. Жамоа чиқишлари ҚВЗ муҳаррирлари таҳриридан албатта ўтказилади. Ўткир ижтимоий, оғриқли мавзуларда ҳазил қилишингиз мумкин, бундай чиқишларга рухсат берилади. Нега ҳазил қиламиз? Муаммони кўрсатиш ва уни ҳал қилиш учун-да. Масалан, биз чироқ йўқлиги, порахўрлик, тадбиркорларнинг муаммолари ҳақида ҳазил қилдик. Аммо нозик шахслар ёки ҳукумат мавзусидаги ҳазиллар таҳрирдан ўтмайди, бизнинг менталитетимиз бу мавзуларга рухсат бермайди.

– ҚВЗ ҳозир ўзбекистонлик ёшлар орасида машҳурми? Сизнингча, бу мусобақадан ёшларга нима фойда?

– Жуда машҳур. Агар ёшлар ҚВЗга қизиқса, зарарли одатларга қўл уришмайди. Талабалар кўчада чалғимасликлари ёки компюьтер ўйинида кун бўйи ўтирмасликлари учун ҳазил қилишади. Мен ҚВЗда ўйнайдиган талабаларнинг кўзлари қандай ёнаётганини кўраман. Бундан ташқари, ҚВЗ инсонни олдига мақсад қўйишга, ўзига ишонишга ўргатади, кўплаб дўстлар пайдо бўлади.

– Сиз ҳаётда ҳам қувноқ ва ҳозиржавобмисиз?

– Уйда, баъзида жиддий, аммо ишда мени кулдириш осон эмас. Талабаларим, ҳа, бу ҚВЗчи қиз, жуда яхши, қувноқ қиз, унинг дарсини ўзлаштирмаса ҳам бўлади деб ўйлашади, аммо ундай эмас. Қаттиққўлман деб айта олмайман, бироқ холис ва тушунадиган ўқитувчи бўлишга ҳаракат қиламан, аммо бўшанг эмас.

– Ҳозир ҚВЗсиз қандай яшаяпсиз?

– ҚВЗсиз зерикарли, ўйин ўзига тортади. Қизалоғим улғайяпти. Оилам мени қўллаб-қувватлайди, қайнонам: “Чақиришаётган бўлса, саҳнага чиқинглар, ахир ёшсиз”, дейди. Эрим ҳам қўллаб-қувватлайди. У жамоам билан яхши таниш.

– ҚВЗ сизга нимани ўргатди?

– Меҳрибонлик ва камтарликни, ўзингдек бўлишни, иккиюзламачилик қилмасликни. Агар сизга ёқмаса, очиқчасига айтинг, агар хоҳламасангиз – туринг ва кетинг, агар хоҳласангиз – ўтиринг, тингланг ва мулоқот қилинг. Бу нарса ҳаётда жуда кўп ёрдам беради. Ҳазил тушкунликка тушмасликка ёрдам беради. Кулги умрни узайтиради.

 

O'zbekistondagi eng so'nggi yangiliklar
smartfoningizda

@plov.press

Шунингдек, ўқинг

Подпишитесь
на наш Telegram канал