Шуҳрат Ниёзов: Тиббиётда хусусий бизнес - бу тезкор сифат ўзгаришлари ва жамият ривожига ҳисса қўшиш имконияти

Шуҳрат Ниёзов: Тиббиётда хусусий бизнес - бу тезкор сифат ўзгаришлари ва жамият ривожига ҳисса қўшиш имконияти

У 41 ёшда, Тошкент шаҳридаги 3 та хусусий стоматология клиникаси асосчиси, шунингдек, ўз соҳасининг энг яхши шифокорларидан бири. Тиббиётда нафақат шифокор, балки ўз бизнесиасосчиси бўлиш истаги қандай пайдо бўлган, Ўзбекистонда бу қанчалик осон ёки қийин, замонавий тадбиркор учун қандай характер хусусиятлари муҳим? Шулар ҳақда - Шуҳрат Рустамович Ниёзов билан суҳбатлашдик.

– Шуҳрат, ҳаммаси қандай бошланган? Тиш шифокори бўлишни нега танлагансизқаердатаълим олдингиз, ишни қандай бошладингиз?

– Болалигимдан тиш шифокори бўлишни орзу қилардим. Отамнинг отаси, бобом тиш шифокориэди. Болалигимда у билан тез-тез иш жойига борардим, қандай ишлашини кузатардим ва бу касб танлашимга таъсир қилди, чунки мен шу муҳитда ўсдим. Келажакда ким бўлишимга шубҳа қилмасдим. Ёшлигимдан, биринчи синфданоқ тиш шифокори бўлишимни билардим.

Мактабни битирганимда, отамнинг дипломатик иши туфайли оилам Қозоғистоннинг ўша пайтдаги пойтахти Олмаотада эди. У ерда Асфандиёров номидаги тиббиёт университетига ўқишга кириб, 3 йил ўқидим. Кейин Тошкентга қайтдик, ўқишниТошкент тиббиёт институтига ўтказдим. Ўқишни тамомлагач, бир йил стоматолог бўлиб ишладим. Кейин Германияда “Терапевтик стоматология”, яъни даволаш мутахассислиги бўйича магистратурага грант ютдим. Шу тариқа, давлатимизнинг грант ёрдами билан Намбург шаҳридаги Саксония-Ангальт (Sachsen-Anhalt) марказий касалхонаси негизида магистратурада яна 4 йил таҳсил олдим. Кейин Ўзбекистонга қайтиб, фаолиятимни давом эттирдим.

– Ўз бизнесингизни бошлашга қачон қарор қилдингиз?

– Бундай мақсад, бошиданоқ бор эди, дейишиммумкин. Ўқишни тугатгандан сўнг, бизнес билан шуғулланиш - ўз шахсий клиникамга эга бўлишни хоҳладим. Буларнинг барчаси Пломбир клиникасининг ташкил этилиши билан бошланди, у аста-секин тобора оммалашиб, таниқли бўлди. Кейин "Сириус" очилди, бунинг учун янада марказроқдан, қулай жой танланган. Энди учинчи лойиҳа тайёрланмоқда – “Эстет” клиникаси. Бу премиум-класс клиникаси бўлиши режалаштирилган, у каттароқ бўлади, замонавий даражадаги операциялар учун стоматологик микроскоп каби қиммат ускуналар ўрнатмоқчимиз. Косметик хизматлар стоматологияда пайдо бўлади. Яъни, бу хизматларнинг кейинги даражасига чиқишдир. Амалиёт шуни кўрсатадики, бугунги кунда бу одамлар учун зарурдир.


– Шифокор ва шу билан бирга ўз бизнесидаташкилотчиси бўлиш осон эмаслиги аниқ. Бундай йўлнинг асоси нима эди?

– Бошиданоқ нафақат ўзим ишлаш, балки иш берувчи бўлиш, одамларнинг ишга жойлашишига кўмаклашиш, ўз йўналишим бўйича ривожланишни орзу қилардим. Саъй-ҳаракатим боис 100 га яқин киши иш билан таъминланганидан фахрланаман.

– Сизнингча, Ўзбекистонда хусусий тиббиёт бизнесини ташкил этиш тизимлари ва давлат клиникалари ўртасида қандай ўхшашлик ва фарқ бор?

– Тузилишининг ўзи ўхшаш. Лекин шуни айтишим мумкин, хусусий клиникалар ташкил этила бошлаганида уларга талаблар кўпроқ, нисбатан муносабат қатъий эди. Масалан, клиниканинг жойлашуви нуқтаи назаридан. Кўпгина хусусий стоматологик клиникалар кўп қаватли уйларнинг биринчи қаватидаги нотураржой биноларида жойлашган. Яъни, улар эгаллаган жой ҳажми томонидан чекланган. Аммо СанПИН талаблари мавжуд ва улар ҳамма учун бир хил. Ёки асбобларни стерилизация қилиш шартлари бўйича хусусий тадбиркорларга талаб кучли, санэпидстанция томонидан бу борада кўплаб текширувлар ўтказилади. Давлат клиникаларида бу бироз осонроқ. Аммо биз қийинчиликларни енгдик, мақсадни баланд кўзлаш кераклигини тушундик. Шунинг учун, ҳатто ташқи кўринишда ҳам, кўплаб хусусий клиникалар тартиб, тозалик ва маълум бир қулайлик билан устунроқ деб ўйлайман.

Лекин бу, албатта, турли текширувлар натижаси эмас, балки зўр бўлиш, бизга маурожаат қилганларнинг эҳтиёжини тушуниш ва қондириш истаги туфайлидир. Бу хусусий тиббиётнинг катта плюси - яхши томонга тез ўзгариш қилиш имконияти.

– Тадбиркорлар турли йўналишларда бизнес ташкил қилишини ҳозир тез-тез кўриб турибмиз. Сизнингча, стоматология ва умуман тиббиётда хусусий бизнесни ташкил этиш учун ўз соҳаси мутахассиси бўлиш шартми?

– Менимча, стоматология ва тиббиёт оламида - ҳа. Сиз шунчаки профессионал бўлишингиз керак. Менимча, одамлар ўзлари қилган ишни яхши қилиши керак. Агар, масалан, стоматологияни яхши билсам, бошқа соҳада бизнес қилишим керак эмас. Биз йўналишимизда янада ривожланишимиз керак, бу менинг қатъий фикрим.

– Шифокор ва бизнес ташкилотчисисиз. Тадбиркор сифатида ривожланиш учун айнан нима керак?

– Бизнес ташкилотчиси сифатида тиббиётдан ташқари солиқ соҳасини, бухгалтерия ҳисобини ҳам яхши билишим керак. Ҳар қандай раҳбар бухгалтерия ҳисоби, солиққа тортиш ҳақида тасаввурга эга бўлиши керак. Агар инсон буни тушунмаса, тадбиркорлик қила олмайди.

– Бухгалтерия бўлимининг фаолияти, ҳисоботларни ўзингиз текширишга ҳаракат қиласизми? Ёки бу борада профессионалларга ишонасизми?

— Ҳақиқатан ҳам, ҳар икки йилда бир марта мустақил бухгалтерни жалб қиламан, у барча фаолиятимизни кўриб чиқади ва икки карратекшириб чиқади. Бу аслида қонуний талаб эмас, бу ўзимнинг ташаббусим. Ўйлайманки, бу тўғри ва янада хотиржам қилади. Бу узоқ вақтдан бери ўрнатилган тартиб ва ​​мутахассисларимиз бундай икки томонлама текширувга мутлақо хотиржам муносабатда бўлишади.

– Бизнес ташкилотчиси сифатида хусусий тиббиёт соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий базага қай даражада қизиқасиз? Хусусий бизнес учун қандайдир афзалликлар, бошқа ўзгаришларни кузатасизми?

– Албатта, кузатиб бораман. Жумладан, ўзим ҳам турли йиғилишларда қатнашаман, мамлакатимизда нашр этилаётган газеталар, масалан, “Норма”га обуна бўламан, қонунчилик асосида чиқадиган барча янгиликларни доим ўқиб, таҳлил қиламан. Бу шунчаки зарурат.

– Клиникани махсус жиҳозлар ва зарурматериаллари билан таъминлаш масаласини қандай ҳал қиласиз? Мутахассис сифатида ускунанинг ижобий ва салбий томонларини ажрата оласизми? Ёки маслаҳат сўрайсизми?

– Биринчидан, бугунги кунда мамлакатимизда ихтисослаштирилган ускуналар бозори анча ривожланган, вазиятни аввалги, хусусан, 2000-йилларнинг бошлари билан солиштириб бўлмайди. Ўшанда, масалан, стоматологик креслолар фақат Хитой ишлаб чиқарувчилари томонидан тақдим этиларди. Бугунги кунда турли хил компаниялар, шу жумладан Европа ва бир хил хитойлик компанияларнинг маҳсулотларининг катта танлови мавжуд, аммо улар анча сифатли. Тажрибамга асосланиб, ўзим қайси ускуна яхшироқ, бемор учун қулайроқ ва, энг муҳими, фойдалироқ, чидамлироқбўлишини аниқлай оламан. Бунинг учун маҳсулотларнинг хусусиятларини албатта ўрганаман. Германияда тажрибага эга бўлганим сабабли, турли хил сифатдаги қурилмаларишлаётганини кўрдим. Бундан ташқари, ҳар доим интернетни кузатиб бораман, барча техник маълумотларни кўриб чиқаман ва шундан кейингина хулоса чиқараман - қайси ускуналар биз учун мақбулроқ экани борасида.


– Ихтисослашган кўргазмаларга ташриф буюрасизми?

– Ҳа албатта. Тошкентда бўлиб ўтадиган кўргазмаларга ўзим ва мутахассисларим ҳар йили ташриф буюрамиз. Бундан ташқари, ҳали ҳам немис шифокорлари уюшмасининг аъзосиман ва ушбу мамлакатдаги кўргазмаларда қатнашаман, Хитойдаги кўргазмаларга бориб тураман. Турли ишлаб чиқарувчилар ва бозор янгиликлари билан бундай кенг танишиш бизнес ташкилотчиси учун зарур, деб ҳисоблайман.

– Муваффақиятли иш учун кадрлар танлаш масаласи қай даражада таянч ҳисобланади? Бунинг учун бирор тизимингиз борми? Бу борада ихтисослашган компаниялардан ходимёллашда ёрдам сўрайсизми? Ёки буни бошқа йўл билан амалга оширасизми?

– Ҳамшираларни танлаш учун, қоида тариқасида, эълон бераман. Кейин, албатта, ўзим номзодлар билан суҳбатлашаман. Шу билан бирга, ҳатто соҳамизга тегишли бўлмаган мавзуларда ҳам гаплашаман, суҳбат давомида номзоднинг ўзини қандай тутишига қарайман. У белгиланган вақтда келгани ёки йўқлигини текшириб кўраман - бу мен учун ҳам муҳим. Суҳбат давомида бу одам биз билан ишлашга мос келадими ёки йўқлигини тушунаман. Ишда 100 фоиз яхши натижа берадиган кадрни топиш жуда қийин.

– Номзоднинг ўз вақтида келганидан ташқари сиз учун яна нима муҳим?

– Фидойилик, ишлашга тайёрлик. Суҳбат давомида одамнинг тиббиёт соҳасида ишлаш истаги борми ёки у шунчаки пул топиш имкониятини қидиряптими, кўраман. Тиббиётда фидойилик, фидойилик жуда муҳимдир.

– Унинг тажрибаси муҳимми?

– Албатта. Кўриб чиқамиз, таҳлил қиламиз, лекин кўпинча тажрибасиз ходимларни ҳам оламан, яъни,ўрта ва кичик тиббиёт ходимлари, ёрдамчилар, ҳатто иш тажрибасига эга бўлмаса ҳам. Нега? Чунки уларга клиникамиз учун самаралироқ бўладиган тарзда ишлашга ўргата оламан.

– Яъни, кўп жиҳатдан ёшларга таянасизми?

– Ҳа. Ишонаман, ҳозир ёшлар, уларнинг аксарияти интилишяпти. Бу, айниқса, шифокорлар учун жуда фойдали. Ёш шифокорлар жуда тез ўрганиб, тажриба тўплашади.

– Агар суҳбатда номзод ўзи кириб турадиганихтисослашган сайтларни тилга олса, бу сиз учун аҳамият касб этадими?

– Шубҳасиз. Тушунаманки, номзод, бу янги нарса топиш, янада ривожланишга интиладиган одам. Шифокорларга келсак, бу ерда деярли ҳаммамиз бир-биримизни биламиз. Кўп жиҳатдан мен маълум бир шифокор ҳақидаги тавсиялар, шарҳларга асосланаман.

– Йиллар давомида ўзингиз учун қандай бизнес қоидаларини белгилаб олдингиз? Бундай қоидаларнинг 5 талигига нимани киритган бўлардингиз?

– Аввало, ўзингизга, давлатга ва беморларга нисбатан ҳалол бўлишингиз керак, деб ўйлайман. Беморга жуда кўп рецепт бермаслик, яъни ортиқча нарса тавсия қилмаслик. Бугунги кунда, афсуски, бу амалиёт ҳали ҳам давом этмоқда.

Иккинчи қоида меҳнасеварлик.

Кейинги қадам - бу профессионаллик. Ўйлайманки, бу мутлақо ҳамма учун зарур - оддий оддий ишчидан бош раҳбаргача. Сиз профессионал бўлишингиз ва барча соҳаларни тушунишингиз керак. Яъни, нафақат ўз соҳангизда, балки соҳангизга тўқнаш келадиган бошқаларида ҳам.

Тўртинчи қоида дунёқараш кенг бўлиши шарт деб ўйлайман. Тадбиркор манфаатдор бўлиши керак. У доимо ўз-ўзини ривожлантириш билан шуғулланиши керак.

Ва бешинчиси - ходимларингизни ривожлантириш зарурлигини тушуниш. Мутахассисларни ўқишга, малакасини оширишга юбориш орқали буни тушуниш ва қадам ташлаш. Ишда жамоавий руҳ жуда муҳим. Жамоани дўстона тутишга ҳаракат қиламан. Биз турли корпоратив кечалар, тоғларга саёҳатлар уюштирамиз. Бу дақиқалар бўлиши керак. Чунки фақат ишга боғланиб қолиш ярамайди.

– Жуда банд одамсиз, шундай экан иш ва оила ўртасидаги мувозанатни қандай сақлаб турасизБолалар тарбияси, яқинлар билан мулоқот қилишга имкон берадиган қоидалар борми?

– Эрталаб соат 8 дан кечки 8 гача ишдаман. Фарзандлар тарбиясининг асосий қисми хотиним зиммасида, бунинг учун ундан жуда миннатдорман. Буни жуда яхши уддалайди. Лекин фарзанд тарбияси жараёнида албатта, қатнашаман. Мисол учун, уйда доска бор, унга болалар бугунги куннинг режасини ёзади. Масалан, қизим келиб, бугун мактабга бориши, мактабдан кейин - қўшимча дарслар, ундан кейин – уйни тозалаш, онасига ёрдам бериш, уй вазифасини бажариш, синглиси билан ўйнашини ёзади. Ҳар куни келиб, бугун нима қилиганларини текшираман.

– Болаларингизнинг ёши нечада?

– Катта қизим 14 ёшда, ўғлим 9, кенжа қизим 2,5 ёшда.

– Ўғлингиз ҳам кунлик режалаштиришда иштирок этадими?

– Ўғилимнинг иштирок этиши шарт. У анчагина айёр бола, доим сирғалиб қочиб қолишга ҳаракат қилади, лекин уни ҳар доим дарслар, тозалашга жалб қиламиз. Қизим 10 ёшидан, ўғлим 7 ёшидан кунлик режасини ёзади.

– Нега бундай қарор қилгансиз?

– Бу фикр болаларим доим бўш қолмасин, зарур ва муҳим нарсалар билан банд бўлиши керак, деган ишончим натижасидир. Агар нафақат одам, балкиболада ҳам бекорчи вапқт бўлса, унинг хаёлигакераксиз, баъзан эса шунчаки ёмон фикрлар келади. Бунга йўл қўймаслик учун болаларни тўлиқ банд қилишга ҳаракат қиламиз.

– Улар чарчаганини айтиб нолишмайдими?

– Йўқ. Улар бу ҳолга табиий қарашади. Якшанба кунлари тоғларга, тепаликлар ва конькилар бор кўнгилочар марказларга боришга ҳаракат қиламиз. Яъни, дам олиш куни бутунлай оилага бағишланади. Чунки усиз мумкин эмас.

– Сир эмас, ўзингиз ҳам яхши биласиз, одамлармамлакатда бизнес юритиш қийинлиги ҳақида шикоят қилиб туришади. Бу ҳақда фикрингиз қандай?

– Бизнес ҳар доим ҳам осон эмас. Бизнес - бу жудакатта фидойилик талаб қилади. Ўзингизни ишга бутунлай беришга тайёр бўлишингиз керак. Бундан ташқари, турли бизнесларга ўзини уриш керак эмас. Тўғри йўналишга бориш муҳимдир.

Ҳамма жойда қийин. Кўплаб мамлакатларда яшадим, ташриф буюрдим, хусусий клиникалар қандай иш юритишини кузатдим. Ҳеч бир жой осон эмас. Лекин чин дилдан ишонаман, давлатимиз тадбиркорликни ривожлантиришга ҳаракат қилмоқда. Агар ишингиз юришмаётган бўлса, бунинг айбдори ўзингиз. Чунки орзуси, мақсади бўлган ҳар бир киши натижага эришади. Улар йўлда мураккаб тўсиқларга дуч келмайди, агар дуч келса, хотиржамлик билан чидайди ва йўлда давом этади.

Яна бир нарса. Ҳар қандай ишбилармон, тадбиркор албатта спорт билан шуғулланиши керак, деб ҳисоблайман. Нега? Албатта, бу биринчи навбатда саломатлик учун. Шунингдек, спорт ирода кучини ривожлантириши жуда муҳим. Ўзим каратэнинг"ашахара" йўналишда шуғулланганман, 1-дан, "қора камар" соҳибиман. Ҳозир каратэ билан мунтазам шуғулланмайман, чунки жуда бандман, лекин ўзимни формада сақлаш учун доимо спорт залига қатнаб тураман.


– Муваффақиятли бизнес қуриш учун инсон қандай фазилатларга эга бўлиши керак? Бу ерда Топ 5 лик борми?

– Биринчиси - мақсадга мувофиқлик. Иккинчиси - профессионаллик. Учинчиси - ўзингизни тўғри ўргатиш қобилияти. Тўртинчиси - бошқа одамлар билан мулоқот қилиш қобилияти. Ўзингизни қандай тутишингиз муҳим. Ва бешинчиси - тўлиқ бағишланишга тайёр бўлиш.

– Хусусий бизнес пул топиш учун мажбурий заруратми? Керакми? Таваккал қилиш ва ўз имкониятларини билишга уринишми ёки бошқа нарсами?

– Мен учун хусусий тадбиркорлик, биринчи навбатда, ҳам даромад, ҳам иш жойини ташкил қилиш имкониятидир. Инсон ўзидагини баҳам кўриши керак. Мен учун ёнимдагилар ҳам ривожланиб, пул топиши муҳим. Агар буни истамаганимда, оддий шифокорлардек клиникада ўтириб, бир маромда пул ишлаб топишим мумкин эди. Лекин жамиятимиз ривожига ҳисса қўшмоқчиман.


O'zbekistondagi eng so'nggi yangiliklar
smartfoningizda

@plov.press

Шунингдек, ўқинг

Подпишитесь
на наш Telegram канал