Ўзбекистон – Европа ва Марказий Осиёда иқтисодий ўсиш бўйича етакчилардан бири

Ўзбекистон – Европа ва Марказий Осиёда иқтисодий ўсиш бўйича етакчилардан бири

2024 йилда Ўзбекистон Европа ва Марказий Осиёнинг энг тез ривожланаётган 5 та иқтисодиёти қаторига кириши мумкин. Бу ялпи ички маҳсулотнинг 5,3 фоизга ўсиши прогнози билан қувватланади.

Бу рўйхатга Тожикистон (6,5%), Арманистон (5,5%), Грузия (5,2%) ва Қирғизистон (4,5%) ҳам кириши мумкин. Жаҳон банки 20 дан ортиқ ривожланаётган мамлакатлар иқтисодиётини ўрганган янги ҳисоботида шундай хулосага келди.

Жорий йилда иқтисодий ўсишда навбатдаги давлат корхоналарини ва давлат активларини хусусийлаштириш каби таркибий ўзгаришларнинг ўрни катта бўлиши кутилмоқда. Бунга энергетика соҳасини ривожлантиришга йўналтирилган йирик сармоялар ҳам таъсир кўрсатади.

Жаҳон банки Ўзбекистон иқтисодиёти бўйича яна қандай прогнозларни билдирди:

– инфляциянинг ошиши кутилмоқда;

– импорт ўсиши мўътадил бўлади;

– пул ўтказмалари асосан Россияда меҳнат муҳожирлари сонининг кутилаётган қисқариши ҳисобига камаяди;

– камбағаллик 4,3% гача қисқаради;

– бюджет тақчиллиги ЯИМ нинг 4,2 фоизигача, 2026 йилга келиб эса 3 фоизгача камаяди;

– давлат қарзи ялпи ички маҳсулотга нисбатан 36,5 фоизгача ошади ва 2026 йилга бориб босқичма-босқич 34,4 фоизгача камаяди.

Олтин ва миснинг жаҳон нархларининг ошиши мамлакат иқтисодиётига ижобий таъсир кўрсатиши мумкин, чунки Ўзбекистон уларни экспорт қилувчи ҳисобланади. Таркибий ислоҳотлар иқтисодиёт тармоқларида маҳсулдорликнинг тез ўсишига олиб келиши мумкин.

Жаҳон банки 2024 йил учун прогнозлардан ташқари Ўзбекистон иқтисодиётининг 2023йилдаги маълумотларини тақдим этди. Айнан:

– ЯИМ 6 фоизга ўсди;

– истеъмол нархлари инфляцияси 8,8 фоизга тушди (2022 йилда 12,3 фоиз). Бу охирги 7 йилдаги энг паст кўрсаткич;

– ўзбек сўми АҚШ долларига нисбатан 9 фоизга қадрсизланди;

– газ экспорти ички истеъмол ҳисобига 2 баробар камайди. 2023 йилда Ўзбекистон биринчи марта Россиядан газ импорт қилишни бошлади;

– олтин-валюта захиралари 34,6 миллиард АҚШ долларини ташкил этди;

– камбағаллик даражаси 4,5 фоизгача камайди (2022 йилда 5,0 фоиз);

– ишсизлик даражаси 8,1% га камайди (2022 йилда 8,9%)

– ўртача реал иш ҳақи 7,8% га ошди, лекин асосан кўпроқ малакали ишчилар орасида, бу эса даромадлар тенгсизлигининг кучайишига олиб келади.


O'zbekistondagi eng so'nggi yangiliklar
smartfoningizda

@plov.press

Шунингдек, ўқинг

Подпишитесь
на наш Telegram канал