Миллий герб туширилган кроссовкалар. Давлат рамзига ҳурматсизликми ёки ватанпарварлик?

Миллий герб туширилган кроссовкалар. Давлат рамзига ҳурматсизликми ёки ватанпарварлик?

Ўзбекистонда мамлакат герби тасвири туширилган кроссовкалар сотуви бошланди. Дизайн Стефано Риччи томонидан айнан республика учун ишлаб чиқилган.

Бу қандай содир бўлди?

Яқинда Интернетда италиялик дизайнер Стефано Риччининг пойабзал тўплами тасвирлари пайдо бўлди. Унда безак сифатида Ўзбекистон герби тасвиридан фойдаланилган.

Шундай тимсолли оқ кроссовкаларни 18 000 000 сўм, кўк ранглисини 24 000 000 сўмга сотиб олиш мумкин.


Aммо италиялик дизайнер фақат кроссовкалар билан чекланиб қолмади. Стефано Риччи бошдан-оёқ Ўзбекистонга бағишланган кийимлар тўпламини тақдим этди.


Тўпламда кроссовкалар, футболкалар ва спорт костюмлари мавжуд. Тўплам буюмларининг аксарияти Ўзбекистоннинг ўзига хос рамзлари – герб ва байроқ тасвири билан безатилган. Коллекция аллақачон мамлакатдаги йирик бутикларда сотувга қўйилган, аммо буюмларнинг нархи ҳали номаълум.

Жамоатчиликнинг муносабати

Интернетда одамлар гербли кроссовкаларни қизғин муҳокама қилишаяпти. Икки хил фикрлар мавжуд: баъзилар давлат рамзлардан бундай фойдаланиш мумкин эмас деб ҳисоблайди:

“Бу жуда ёмон – гербни оёқ ости қилгандек, яна нархиям жуда қиммат. Шундай қиммат нархда оласан-да, кейин деворга осиб қўясан”, – деб ёзади Лариса Одноклассникида.

Кимдир эса нархини ҳисобга олмаганда, бу одатий ҳол деб ҳисоблайди:

“Мамлакат рамзи туширилган спорт пойабзалида ҳеч қандай ҳақоратли нарсани кўрмаяпман. Нархи мени ҳайрон қолдирди”, – деб ёзади Светлана Одноклассникида.

Бу нархга жаҳон брендлари қандай кроссовкалар таклиф қилади?

Италиялик дизайнернинг кроссовкалари 1800 долларга тушади. Келинг, бу пулга таниқли ишлаб чиқарувчилардан нима сотиб олиш мумкинлигини кўриб чиқайлик.

Шундай қилиб, Nike кроссовкалари 450 доллардан ошмайди, Adidas пойабзаллари учун эса 600 долларгача тўлашга тўғри келади.

Ҳатто ҳозир энг урфдаги – YEEZY BOOST 350 ни 320 доллардан сотиб олса бўлади.

Ҳатто 1800 доллардан пастроқ нархга чекланган миқдордаги кроссовкаларни ҳам сотиб олиш мумкин.

Масалан, 2010 йилда Converse компанияси машҳур замонавий дизайнерлардан бири Дэмьен Хёрст билан ҳамкорликда маҳсулот чиқарди. Сотувга эса атиги 400 жуфт пойабзал қўйилди, улар ҳам фақат махсус жойларда сотилди ва тушум хайрия ишларига сарфланди. Ҳозирда иккиламчи бозорда янги пойабзал жуфтини 1500 долларга сотиб олиш мумкин.

 Aдлия вазирлиги нима дейди?

Aдлия вазирлиги матбуот хизмати пойабзалда давлат рамзидан фойдаланиш ҳурматсизлик эканини таъкидлади.

“Давлат герби тўғрисида”ги қонуннинг 5–1-моддасига мувофиқ, давлат герби тасвирларидан маҳсулотларни пуллаш ва сотиш учун тижорат мақсадларида фойдаланиш мумкин эмас. Италиялик дизайнер Стефано Риччининг Ўзбекистон учун чиқарган маҳсулотлар тўплами Ўзбекистон герби ва байроғидан фойдаланган ҳолда яратилган. Бу республиканинг давлат рамзларига ҳурматсизликдир.

 


O'zbekistondagi eng so'nggi yangiliklar
smartfoningizda

@plov.press

Шунингдек, ўқинг

Подпишитесь
на наш Telegram канал