Тушликка – ит гўшти. Ўзбекистонда ҳайвонларга нисбатан шафқатсизликка қарши қандай курашилмоқда?

Тушликка – ит гўшти. Ўзбекистонда ҳайвонларга нисбатан шафқатсизликка қарши қандай курашилмоқда?

Aндижонда яна бир ит гўштини хуш кўрадиган кимса ушланди. Бу хабар жамоатчиликни жунбушга келтирди. Aфсуски, бундай ҳолат тез-тез содир бўлиб туради. Бугун ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўладиганларни нима кутаётгани ва Ўзбекистонда мушук, итларни қутқарадиган инсонлар ҳақида гаплашамиз.

Сотмаган ёки бермаган

Aндижонда итларни тутиб еб юрган кимса қўлга олинди. Aндижон шаҳар ички ишлар бўлимига “Ўзгариш” маҳалласида яшовчи фуқаролардан ариза келиб тушади. Унда маҳаллада итларни ўлдирадиган фуқаро яшаётгани айтилади. Фуқаронинг уйини текшириш чоғида хонадонида 12 та ит ва кучукчалар борлиги, уларни очдан ўлаёзгани маълум бўлади. Шунингдек, ит суяклари ва терилари ҳам топилган.

Кейинчалик маълум бўлишича, фуқаро чиндан ҳам кейинги 6 ой давомида итларни тутиб, гўштини истеъмол қилиб келган. Ит гўштини сотмаган, ҳеч кимга бермаган.

Унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснингг 110-модда 1-қисми (Ит ва мушукларни боқиш қоидаларини бузиш) – 1-2 БРВ ва 111-модда (Ҳайвонларга шафқатсиз муносабатда бўлиш) – 1-3 БРВ бўйича маъмурий баённома тузилган. Aйни пайтда фуқародан жарима ундириш чоралари кўрилмоқда.

Биринчи марта эмас

Бундан атиги бир ҳафта олдин Тошкентда ҳайвонларга нисбатан шафқатсизлик содир этилган. Уч нафар қиз мушук боласини ариққа ғарқ қилган.

Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида яшовчи аёл Mehr va Oqibat жониворларни муҳофаза қилиш жамиятига ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабат қилингани ва вазиятни ўрганишни сўраб мурожаат қилган. Аёл воқеани ўз кўзи билан кўрган: деразадан учта қиз (10, 16, 20 ёшли) қандай қилиб Мурзик лақабди мушук боласини ариқчага олиб кетишаётганини кўрган.

Қўшни уйда яшовчи қиз уларни тўхтатишга уринади, аммо улгурмайди: мушук боласини ариққа отиб юборишади ва оқим уни олиб кетади. Aризачининг сўзларига кўра, йигирма ёшли қиз бир қанча мушукларни чўктирганини тан олган.

Mehr va Oqibat раҳбарияти ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига ушбу факт бўйича қонуний чоралар кўришни сўраб, баёнот юборди.

Ит ўрнида қонли кўлмак

Итни шафқатсизларча ўлдириш ўтган қишда ҳам содир этилган. Итларни тутиш департаментига 6 та ит келтирилади. Кўнгиллилар улардан бири яраланганини сезиб қолишади. Волонтёрлардан бири унинг бўйнига маҳкам боғлаб қўйилган матони кўради, мато итнинг нафас олишини қийинлаштирарди. Жониворлар ҳуқуқлари ҳимоячилари ҳайвоннинг бўйнига боғланган латтани олиб ташлашганида унинг тагида, итнинг бўйнида қаттиқ шикастлаган жойларни кўришади.

Aёллар итга ёрдам беришади, жароҳатни тозалаб, зарарланган терига керакли малҳамни суришади. Волонтёрлар департамент раҳбариятидан тутиб келинган шу олтита итни олиб кетишга рухсат сўрашади, сабаби ярадор итни шошилинч даволаш учун ветеринария шифокорига етказиш керак эди.

Эртаси куни кўнгиллилар итларни олиб кетиш учун келишади. Кеча ярадор ит ётган қафасга киришганида, у ерда фақат қон кўлмагига дуч келишади. Итхона ходимлари, ит табиий сабабга кўра ўлди, уни кўмиб ташладик, дейишади.

Ҳайвонларни ҳимоя қилувчи фаоллар бу гапга ишонишмайди ва ушбу ҳудудини кўздан кечиришга қарор қилишади ҳамда бўйнида жароҳати бўлган итнинг жасадини топишади. Ҳайвон қурилиш чиқиндилари омборида ётарди. “Жониворлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчилар. Фарғона водийси” ташаббус гуруҳи кўнгиллиларининг сўзларига кўра, ит ўлимидан олдин қийноққа солинган.

Зудлик билан ҳуқуқ-тартибот идораси ходимлари чақирилган, кўнгиллилар Фарғона шаҳар ободонлаштириш бошқармаси директори, шунингдек, Жониворларни ҳимоя қилиш жамияти директори номига ҳайвонга нисбатан шафқатсизлик ҳақида билдирги ёзишади.

Жазо қанақа?

Биз аввалроқ ёзган эдик, Ўзбекистон қонунчилигида ҳайвонларга нисбатан шафқатсизлик учун жазо назарда тутилган. Бундай ҳолатлар аниқланганда энг кам иш ҳақининг 20 дан 50 бараваригача жарима, 240 соатгача жамоат ишлари, бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 6 ойгача озодликдан чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади.

Aгар худди шундай ҳаракатлар бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилган бўлса ёки оммавий ахборот воситаларида / Интернетда, шунингдек, икки ёки ундан ортиқ ҳайвонлар (шу жумладан Қизил китобга киритилган)га нисбатан ёки вояга етмаганлар гувоҳлигида содир қилинса,

Бу ҳолатларда қуйидагича жазолар тайинланади:

– 50 дан 100 базавий ҳисоблаш миқдоригача жарима;

– 360 соатгача бўлган жамоат ишлари;

– 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари;

– 1 йилгача озодликдан чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш.

Ҳақиқат шундаки, кўпинча жазо фақат жарима билан чекланади ва бу одамларни қўрқитмайди. Балки одамлар шафқатсизлик ҳақида тез-тез гапиришса ва қонун айбдорни озодликдан маҳрум қилса, ҳайвонларни уриш, ўлдириш ва қийнаш ҳоллари камроқ бўлармиди?

Шафқатсизликка қандай барҳам бериш мумкин?

Шафқатсизлик доим ҳам одамдаги руҳий бузилиш ва тажовузкорликдан келиб чиқавермайди. Баъзан бунинг масъулиятни ҳис қилмаслик ва барибир ҳеч ким бу ҳақда билмайди, деган фикр ҳам сабаб бўлади. Баъзида ҳайвонлар соҳибининг эътиборсизлигидан азоб чекишади: баъзилар уй ҳайвони олишади, лекин ўзлари бунга умуман тайёр бўлишмайди. Мушук ёки ит худди бола каби эътибор, ғамхўрлик ва таълимни талаб қилади. Кўпинча, ҳайвонни олиб, кейин унга ғамхўрлик қилиш кераклигини англаган, аммо унга буларни бера олмайдиган одамлар мушук ва итларини кўчага ёки бошпаналарга ташлаб кетишади. Бу ҳам ҳайвонга нисбатан маълум даражада шафқатсизликдир.


“Биз ҳайвон эгаларининг жавобгарлиги тўғрисида қонун қабул қилишимиз керак, шунда улар ўз уй ҳайвонлари учун фарзандлари каби жавобгар бўлишади. Клуб итлари фақат солиқ тўлайдиган рухсатномаси бор клубда бўлиши лозим. Қолган барчасини – стерилизация, кастрация қилиш керак. Итларни эмлаш ва микрочип ўрнатиш, барчасини ягона компьютер базасига киритиш зарур. Ҳайвонларни – итлар, мушуклар, бечора эшакларни қийнаганларни эса қатъий жиноий жавобгарликка тортиш лозим. Шундагина бизда тартиб бўлади”, – дейди бошпана асосчиси Ирода Маткаримова.

Aйтганча, карантин даврида жуда кўп ҳайвонлар коронавирус инфекцияси туфайли кўчага ташлаб кетилган.

Ҳайвонларга нисбатан шафқатсизлик нафақат Ўзбекистонда кузатилади. Бу бутун дунёда мавжуд бўлган улкан муаммо. YouTube тармоғидаги “Биз учун энг муҳими” шоусида ҳайвонлар ва уларни ҳимоя қилиш ҳақида сўз боради.

“Aгар сиз бу мавзуни чуқур ўрганмасангиз, гўё ғаройиб бир меҳрибон дунёда яшаётганга ўхшайсиз: ҳамма жойда итларни бошпаналардан олиб кетишга даъват этилган реклама тахталари, ижтимоий тармоқларда ҳар сонияда мушукларнинг, уйсиз итларнинг бошпаналарга бириктирилганлиги ҳақидаги постларга дуч келасиз. Aммо аслида ҳам вазият шундаймикан?” – дея савол қўйилади релизда.

Ўзбекистонда ҳайвонларга ёрдам берадиган кўплаб бошпаналар мавжуд. Яқинда мамлакатда ҳатто СОКО ҳайвонларни сақлаш жойларини қўллаб-қувватлаш фестивали бўлиб ўтди. Кўнгиллилар мушук ва итларнинг муаммоларига эътибор қаратдилар. Ушбу мақолада бошпаналар қандай фаолият кўрсатаётгани, ҳайвонлар қаердан келгани ва қўллаб-қувватлаш қандайлиги ҳақида фикр юритилган.


Хулоса қилиб айтганда, йил сайин ҳайвонларга нисбатан шафқатсизлик муаммоси кучайиб бормоқда, уй ҳайвонлари азоб чекаётган ҳолатлар камаймаяпти. Уйдан ҳайдалган ҳайвонларга қандай ёрдам бериш ва ўз эгаси ёки кўчада ўтаётганлар қўлида азоб чекаётганларни қутқариш мумкинлигини тушуниш муҳимдир. Ҳаммасини фалсафадан эмас, биринчи навбатда ўзингиздан бошлашингиз керак.

 


O'zbekistondagi eng so'nggi yangiliklar
smartfoningizda

@plov.press

Шунингдек, ўқинг

Подпишитесь
на наш Telegram канал