Хорижий давлат раҳбарлари Шавкат Мирзиёевни иккинчи муддатга сайлангани билан табриклади

Хорижий давлат раҳбарлари Шавкат Мирзиёевни иккинчи муддатга сайлангани билан табриклади

Овоз беришнинг дастлабки натижалари ва Шавкат Мирзиёевнинг сайловдаги ғалабаси эълон қилинганидан сўнг бир қатор хорижий давлат раҳбарлари Ўзбекистон Президенти номига табрик йўллади.

Садир Жапаров


Ўзбекистон раҳбари Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқот қилди.

Қирғизистон етакчиси мамлакатда Президент сайлови муваффақиятли ўтказилгани ва унда ишончли ғалабага эришилгани билан давлат раҳбарини чин дилдан табриклади. Биродар ўзбек халқига тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва тараққиёт тилаклари изҳор этилди. 

Имомали Раҳмон


Тожикистон раҳбари Шавкат Мирзиёев билан телефон орқали мулоқотда

“биродар ўзбек халқига фаровонлик ва равнақ тилади”.

Шунингдек, мамлакатлар ўртасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилган қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Гурбангули Бердимуҳамедов


Мирзиёев Туркманистон раҳбари Гурбангули Бердимуҳамедов билан ҳам телефон орқали мулоқот қилди. Туркманистон етакчиси давлат раҳбарини ишончли ғалабаси билан дилдан қутлади.

Жорий йил 4–5 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида ўтган олий даражадаги расмий тадбирлар якунида эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Бўлажак мулоқотлар, шу жумладан минтақавий ташкилотлар доирасидаги учрашувлар режаси кўриб чиқилди. 

Қосим-Жомарт Тоқаев ва Нурсултон Назарбоев

Мирзиёевни биринчилардан бўлиб Қозоғистоннинг амалдаги президенти Қосим-Жомарт Тоқаев ва Қозоғистонниг биринчи президенти, Элбоши Нурсултон Назарбоев табриклади.


Тоқаев биродар ўзбек халқига барқарор тараққиёт ва равнақ тилади, Ўзбекистон етакчисини Нур-Султонга ташриф билан келишни таклиф этди.

Икки томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни, энг аввало иқтисодий йўналишда кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.


Назарбоев биродар ўзбек халқининг фаровонлиги ва равнақи йўлидаги фаолиятига катта муваффақиятлар тилади.

Телефон орқали мулоқотда томонлар стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда халқаро сиёсатга оид масалалар юзасидан фикр алмашишди. Савдо-иқтисодий ва транспорт-коммуникация соҳаларидаги улкан ҳамкорлик салоҳиятини ишга солишга хизмат қиладиган йирик қўшма лойиҳаларни жадаллаштиришга муҳим эътибор қаратилди.

Владимир Путин


Россия ва Ўзбекистон президентлари ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди.

Россия Федерацияси раҳбари овоз бериш натижалари Шавкат Мирзиёевнинг юксак сиёсий нуфузини, шунингдек, Ўзбекистоннинг амалдаги Президенти томонидан танлаб олинган Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш курси қўллаб-қувватланаётганини тўлиқ тасдиқлаганини таъкидлади.

Владимир Путин икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш борасида ҳам тўхталди. 

Александр Лукашенко


Беларусь президенти Александр Лукашенко Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга қўнғироқ қилиб, “сайловдаги ишончли ғалаба” билан табриклади. Шунингдек, Шавкат Мирзиёевга режаларини амалга оширишда муваффақиятлар тилади. 

Давлат раҳбарлари икки томонлама муносабатларга доир масалаларни муҳокама қилишди, уларнинг юксак даражаси ва жадал ривожланаётганини қайд этишди. 

Режеп Таййип Эрдоған


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған билан телефон орқали мулоқот қилди.

Туркия Президенти давлат раҳбарини Президент сайловида эришган ғалабаси билан самимий муборакбод этиб, овоз бериш натижалари мамлакатимиз аҳолиси Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни кенг қўллаб-қувватлаётганини кўрсатганини алоҳида таъкидлади.

Олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилиши ва Туркий Кенгаш саммитига тайёргарлик масалалари кўриб чиқилди.


O'zbekistondagi eng so'nggi yangiliklar
smartfoningizda

@plov.press

Шунингдек, ўқинг

Подпишитесь
на наш Telegram канал