Хорижлик сайёҳлар сони 10 ойда 4,9 миллион кишига етди

Хорижлик сайёҳлар сони 10 ойда 4,9 миллион кишига етди

2023 йилнинг январь-октябрь ойларида Ўзбекистонга 4,9 миллион хорижий сайёҳ келган. 2021 йилда бу кўрсаткич 1,8 миллион кишини ташкил этган, яъни қарийб 3 баробар ўсган.

Бу натижаларни Ўзбекистон Макроиқтисодиёт ва минтақавий тадқиқотлар институтининг (ММТИ) таҳлили кўрсатди.

2023 йилда Ўзбекистон Американинг Travel Lemming онлайн-гидига кўра дунёнинг 50 та энг яхши туристик йўналишлари рўйхатига киритилди ва 9-ўринни эгаллади. Ушбу саёҳат қўлланмаси ҳар йили дунё бўйлаб янги йўналишлар ва ноёб жойларни таъкидлайди ҳамда 6 миллиондан ортиқ саёҳатчиларни қамраб олади.

2023 йилнинг 10 ойи давомида туризм хизматлари экспорти 2018 йилдаги 1041,1 миллион долларга нисбатан 1830 миллион долларни ташкил этди. 2023 йилда сайёҳлар умумий сонининг сезиларли даражада ошгани ҳисобидан туризм хизматлари экспорти 2000 миллион долларга этади.

Бугунги кунда Ўзбекистон дунёнинг 91 давлати учун визасиз режимга эга. Таққослаш учун, Қозоғистонда — 26 давлат, Туркия — 41 давлат, Грузия — 56 давлат.

ММТИ экспертлари Ўзбекистондаги ички туризм ҳолатини баҳолаш мақсадида онлайн сўров ўтказди. Унда барча ҳудудлардан жами 1282 нафар респондент иштирок этди. Натижалар шуни кўрсатдики, мамлакат бўйлаб саёҳатларнинг қарийб 50 фоизи 4 та ҳудудга тўғри келади, хусусан, мамлакат аҳолиси кўпроқ Тошкент (11,4 фоиз), Тошкент вилояти (10,6 фоиз), Бухоро (9, 4 фоиз) шунингдек, Самарқанд (5,8 фоиз) шаҳарларига боради.

Шунингдек, респондентларнинг 81,2 фоизи мустақил равишда, 15,5 фоизи иш жойидан ташкиллаштирилган ҳолда, 2,4 фоизи туроператорлар орқали, 56,8 фоизи шахсий автомобилда ва 17,3 фоизи поездда саёҳат қилишини қайд этган.

Ички туризмни янада ривожлантириш учун қуйидагилар таклиф этилади:

— “Туристик маҳалла”, “Туристик зона” мақомига эга аҳоли пунктлари реестрини яратиш ва бунинг учун электрон платформани ишлаб чиқиш;

— ҳар бир ҳудуднинг асосий туризм салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда ўз брендини шакллантириш.

Шуни қўшимча қилмоқчимизки, республиканинг туризм салоҳиятини тарғиб қилиш ва сайёҳлар оқимини янада ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг 28 хорижий давлатдаги дипломатик ваколатхоналарига маблағлар ажратилиб, миллий сайёҳлик стендлари барпо этилмоқда. 2024 йилнинг 10 ойи давомида тадбиркорлик субъектларининг 16 та халқаро сайёҳлик ярмаркасида иштирок этиши таъминланди.

 


O'zbekistondagi eng so'nggi yangiliklar
smartfoningizda

@plov.press

Шунингдек, ўқинг

Подпишитесь
на наш Telegram канал