Подпишитесь
на наш Telegram канал
Мамлакатимизнинг Россиядаги элчихонаси ва Туризм қўмитаси ҳузуридаги PR-маркази томонидан "Russian Traveler" нашри билан биргаликда мазкур журналнинг Ўзбекистоннинг бой маданий мероси ва сайёҳлик салоҳиятига бағишланган махсус сони чоп этилди.
"Ўзбекистон – Шарқ эртаги" номли "Russian Traveler" журналининг махсус сонида мамлакатимизда саёҳат қилиш қоидалари, ноёб туристик ва маданий йўналишлар, юртимизнинг гастрономик туризми ва бошқа маълумотлар муштарийлар ҳукмига ҳавола қилинган.
Қайд этиш жоизки, ушбу нашрда Ўзбекистоннинг барча вилоят ва шаҳарларига ташриф буюришнинг афзалликлари аниқ мисоллар билан тўлиқ очиб берилган, шунингдек, ўзбек халқининг бой маданияти, анъаналари, таомлари ва меҳмондўстлигига урғу берилган.
Нашрда қадимий Буюк ипак йўли кесиб ўтган шаҳарлармиз тўғрисидаги харита ҳам чоп этилган. Қайд этилишича, бу шаҳарлар чинакам маданиятлар чорраҳаси вазифасини ўтаган. Улардан тўрттаси – Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон маданий мероси объектлари деб эълон қилинган.
Бундан ташқари, махсус сонда россиялик сайёҳларга Ўзбекистонда дам олишни қандай ўтказиш, қайси курортлар боришга арзийдигани ва улар қаерда жойлашгани ҳақида муҳим маълумотлар келтирилган. Журналда таъкидланишича, Чимён тоғлари нафақат Тянь-Шаннинг қорли қоялари, ёнғоқ ва олма боғлари, юзлаб шаршаралар бўйлаб сайр қилиш, балки чанғида учиш каби дам олиш турларини ҳам таклиф этади.
Тошкент шаҳридан 120 км узоқликда 2000 метр баландликдаги тоғ бағрида жойлашган Урунғоч кўллари, хусусан Нефрит кўлида мароқли ҳордиқ чиқаришга алоҳида эътибор қаратилган. Шунингдек, йил бўйи сув ҳарорати +36°C бўлган, денгиз сатҳидан 2800 метр баландликда жойлашган Арашан кўллар тизими ва Жиззах вилоятидаги Айдаркўл ҳақидаги муҳим маълумотлар қаламга олинган.
Махсус сонда, шунингдек, Ўзбекистондаги турли кўнгилочар тадбирлар, миллий байрамлар таъкидланган. Хусусан, Наврўз байрами, "Лазги" халқаро рақс фестивали, шунингдек, "Gastro Bazar" ва "Muzday-2024" музқаймоқ ва салқин ичимликлар фестивали каби анъанавий ўзбек ошхонасига бағишланган гастрономик тадбирларга эътибор қаратилган.
Спорт ихлосмандлари халқаро мусобақаларга, мусиқа шинавандалари эса Самарқанддаги "Шарқ тароналари" ва Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ шаҳрида анъанавий тарзда ўтказиладиган "Стихия" фестивалларига боришга даъват қилинган.
Ўзбекистон ҳақидаги мазкур махсус сон нафақат босма шаклда, балки Russian Traveler журналининг расмий сайтида ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ҳам жойлаштирилди.
Қайд этиш жоизки, Россиянинг етакчи сайёҳлик нашри бўлган Russian Traveler журналининг ижтимоий тармоқлардаги обуначилари сони 2 миллионни ташкил қилади. Журнал расмий сайтини эса ҳар ойда салкам 4 миллионга яқин киши бевосита кузатиб боради.
Ўзбекистонга бағишланган махсус сон 10 минг нусхада босилди ва у Россиянинг етакчи сайёҳлик операторлари, компаниялари, ишбилармон доиралар вакиллари ҳамда Москва шаҳридаги аэропортларида тарқатилди.
Ўзбекистон элчихонаси ушбу журнал тақдимотини шу йил август ойи охирида Туризм қўмитаси ҳузуридаги PR-маркази билан биргаликда Москва шаҳридаги ВДНХдаги "Ўзбекистон" 66-павильонида ўтказишни режалаштирмоқда.
Хулоса ўрнида айтганда, Russian Traveler журналининг ушбу сонида эълон қилинган мақолалар, шарҳлар ва саёҳат бўйича тавсиялар мазмунан россиялик ўқувчиларга нафақат эстетик завқ олиш, балки Ўзбекистоннинг туристик ва бой маданий меросига янгича назар билан қараш имкониятини тақдим этади.
O'zbekistondagi eng so'nggi yangiliklar
smartfoningizda