Россия Ўзбекистон иқтисодиётининг асосий хорижий инвесторларидан биридир

Россия Ўзбекистон иқтисодиётининг асосий хорижий инвесторларидан биридир

Сўнгги йиллардаги анъанага кўра, Россия Ўзбекистон иқтисодиётининг асосий сармоядорларидан бири ҳисобланади. 2023 йил октябрь ҳолатига кўра, Россия капитал қўйилмалари 13 миллиард АҚШ долларидан ошди.Бундан ташқари, 2024–2025 йилларда Ўзбекистон иқтисодиётига сармоя киритишни кўпайтириш режалаштирилган.

2021 йил якунига кўра Ўзбекистон 11,1 миллиард доллар хорижий инвестицияларни ўзлаштирган. Асосий капиталга киритилган инвестициялар 9,8 миллиард долларни ташкил этди. Республика иқтисодиётига 50 дан ортиқ давлат сармоя киритди. Ўшанда Россия етакчи сармоядорлар учлигидан жой олган ва 2,1 миллиард долларлик кўрсаткич билан иккинчи ўринни эгаллаганди. Россия инвестициялари Хитойдан (2,2 миллиард доллар) бир оз пастроқ ва Туркиядан (1,1 миллиард доллар) олдинда эди.

2022 йилда хорижий инвестициялар ва кредитларнинг умумий ҳажми 112,2 триллион сўм — қарийб 9,9 миллиард долларни ташкил этди. Хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳажмида энг катта улушга эга мамлакат Россия бўлди — 20,3%. Улар 22,8 триллион сўм ёки қарийб 2 миллиард долларни ташкил этди, дея хабар беради “Иқтисодий ахборот агентлиги” Ўзбекистон статистика агентлигига таяниб.

Ниҳоят, 2023 йилнинг январь-сентябрь ойларидаги маълумотларга кўра, Ўзбекистон иқтисодиётида Россия инвестициялари ва кредитларининг барча хорижий инвестициялар умумий сонидаги улуши 15,9 фоизни ташкил этди. Бу борада Россия Хитойдан (24,5%) кейин иккинчи ўринни эгаллади.

Умуман олганда, 2023 йилнинг 9 ойида мамлакат асосий капиталига жалб қилинган хорижий инвестициялар ва кредитлар 2022 йилнинг шу даврига нисбатан 20,1 фоизга ошди. Яъни, 104,4 триллион сўмни ташкил этди.

Бу даврда Россия Ўзбекистонга киритган сармоялари сони бўйича Хитойдан паст бўлганига қарамай, 2023 йил 1 декабрь ҳолатига кўра, республикада хорижий сармояси иштирокидаги энг кўп корхона ва ташкилотлар – 2889 та Россия Федерациясига тегишли эди. Жами корхоналар эса — 13353 (шундан, Хитой — 2125, Туркия — 1802) та эди.

Ўзбекистон сармоядорлар учун йилдан-йилга жозибадор бўлиб бораётгани эътиборга молик. Масалан, 2019 йилда хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг умумий сони 10 349 тани ташкил этди.

Иқтисодиёт тармоқлари ҳақида гапирадиган бўлсак, хорижий инвесторлар энг кўп савдо, саноат, қурилиш, ахборот ва коммуникация соҳаларига қизиқиш билдирмоқда.

Россия сармоясининг ўсиши юқори даражадаги мулоқотлар самарасига ҳам боғлиқ. Жумладан, 2023 йил октябрь ойида Ўзбекистон Президентининг Россияга ташрифи чоғида ушбу мавзу кўтарилган эди.

Кейин Ўзбекистонда Россия сармояси 13 миллиард доллардан ошгани маълум қилинди. Бундан ташқари, Россия компаниялари республикада қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш учун 1 триллион рублдан ортиқ сармоя киритди.

Россия кўмагида Ўзбекистонда йилига 500 минг тонна пўлат прокат ишлаб чиқариш қувватига эга Тошкент металлургия заводи, Россиянинг “Лада” ва “КамАЗ” автомобилларини йиғиш заводи, Тошкент ва Жиззах вилоятларида саноат технопарклари барпо этилди.

Россия Федерациясининг Ўзбекистон Республикасидаги элчиси Олег Мальгинов 2023 йил декабрь ойи охирида Россия яқин йилларда Ўзбекистон иқтисодиётига сармоя киритишни кўпайтириш ниятида эканлигини маълумқилди.

Унинг сўзларига кўра, Россия Ўзбекистоннинг асосий савдо-иқтисодий ва сармоявий шерикларидан бири бўлиб қолмоқда. 2023 йилнинг 10 ойи якунлари бўйича Россия Федерацияси ташқи савдо айланмасида иккинчи ўринни эгаллади (7,9 миллиард доллар ёки 15,6 фоиз).

2023 йил январь ойида О.Мальгинов Ўзбекистонда 3 мингга яқин Россия ва қўшма корхоналар фаолият юритаётгани, Россияда эса Ўзбекистон резидентлари иштирокидаги 600 дан ортиқ компания рўйхатдан ўтганини айтди.

Эслатиб ўтамиз, Россия бизнеси турли соҳаларда: енгил ва кимё саноати, тоғ-кон саноати, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, транспорт, кимё, телекоммуникация, инфратузилма каби соҳаларда сармоявий лойиҳаларни амалга оширмоқда. Машинасозлик ва металлургияга йирик сармоялар киритилмоқда, автомобил ва авиация саноати, фармацевтика соҳаларида истиқболли қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Фаст-фуд (“Вкусно и точка”), электрон тижорат (Wildberries, Ozon), савдо тармоқлари (“Магнит”) соҳасидаги Россия компанияларининг Ўзбекистонга қизиқиши ортиб бормоқда.

Энергетика соҳасини алоҳида таъкидлаш керак. Россиянинг “ЛУКОЙЛ”, “Газпром”, “Татнефть”, “Зарубежнефть”, “Силовые машины”, “РусГидро” каби компаниялари Ўзбекистонда узоқ йиллардан буён муваффақиятли фаолият юритиб келмоқда. Россиянинг ушбу соҳага киритган сармояларининг умумий ҳажми 12 миллиард долларни ташкил этади. Жумладан, биргина “ЛУКОЙЛ” 2021 йилгача Ўзбекистонга 17 йил давомида 8 миллиард доллар сармоя киритди.

Биз учун Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасидаги етакчи иқтисодий шериклардан биридир. [...] Россиянинг энг йирик компаниялари Ўзбекистонда ўз фаолиятини кенгайтирмоқда. Уларнинг жами инвестициялари хорижий капитал қўйилмалари умумий ҳажмининг бешдан бир қисмини ташкил этади,деди Россия Бош вазири Михаил Мишустин 2023 йил сентябрьойида.

Ўзбекистон хорижий инвестициялар учун жозибадор давлат. Бунга жадал ривожланаётган ва барқарор иқтисодиёт, кенг кўламли ислоҳотлар, катта ички бозор, ранг-баранг табиий ресурслар, ёш ва малакали ишчи кучи ёрдам бермоқда.

Республика яқин йилларда 70 миллиард доллар хорижий инвестицияларни жалб этишни мақсад қилиб қўйган, шунинг учун биз бу соҳада, жумладан, Россия учун ҳам кенг имкониятни кутишимиз керак.


O'zbekistondagi eng so'nggi yangiliklar
smartfoningizda

@plov.press

Шунингдек, ўқинг

Подпишитесь
на наш Telegram канал